Фракция аъзолари устувор вазифаларни белгилаб олди

03.07.2021 13:07:35

Ҳар қандай мамлакатнинг келажаги ёш авлоднинг комил тарбияси ва изчил тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ. Барча ривожланган давлат ва жамиятларда ёшлар сиёсати давлат тараққиётининг давомийлигини таъминловчи асосий куч бўлиб хизмат қилган. Шу боис, Ўзбекистонда ҳам ёшларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга қулай шарт-шароит ва имкониятлар яратиш борасида кенг кўламли ишларни амалга ошириш устувор вазифа саналади.

Жорий йилнинг 2 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг видеоконференция тарзида бўлиб ўтган йиғилиши айни юқоридаги масалалар билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 30 июнь – Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси ва ундан келиб чиқадиган фракция олдидаги вазифаларга бағишланди.

Фракция депутатлари мамлакатимизда ёшлар сиёсати масаласида амалга оширилаётган кенг кўламдаги ҳаётий ташаббусларнинг ҳар бири дунё ҳамжамияти нигоҳи Ўзбекистонга қаратилишига сабаб бўлаётганини айтиб ўтишди. Шу маънода ўтган йиллар давомида ёшлар масаласида дунёнинг ривожланган давлатлари тажрибасига таянган Ўзбекистон бугун ёшлар сиёсати масаласида ўз йўли ва ташаббуслари орқали айрим ривожланаётган ва ривожланган давлатларга намуна бўлмоқда.

Депутатлар томонидан таъкидланганидек, дунё аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этса-да, бунда ёш депутатларнинг улуши 2,6 фоизга ҳам етмайди ва Ўзбекистонда ушбу кўрсаткич 6 фоиздан ошганини халқаро экспертлар томонидан эътироф этилаётгани бу – мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг тизимли олиб борилаётганидан далолатдир.

Хусусан, жорий йилнинг ҳам мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилингани, бу йўналишда кенг қамровли Давлат дастури қабул қилиниб, барча саъй-ҳаракатлар ёш авлод камолига қаратилаётгани эътироф этилди. Бу борада Ўзбекистон томонидан қатор халқаро ташаббусларнинг илгари сурилаётгани ва уларнинг ҳаётга жорий этилаётгани эса, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамламоқда.

Қайд этилганидек, ҳар йили давлатимиз раҳбари 30 июнь ёшлар куни муносабати билан алоҳида давлат тадбирларида ёшлар билан учрашиб, бевосита суҳбат олиб бораётгани мамлакатимиз ёшларини бирдек қувонтирмоқда. Уларда келажакка ва янги ғояларга бўлган иштиёқларни оширмоқда.

Фракция йиғилишида депутатлар куни кеча Ёшлар куни муносабати билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда доирасида Давлатимиз раҳбари ёшларнинг илм-фан, технологиялар, адабиёт, санъат каби соҳаларда эришаётган натижаларини акс эттирувчи кўргазма ва намойишлар билан танишиб, ёшларнинг ихтиролари, маҳорати, бадиий чиқишларини кўздан кечиргани, улар билан суҳбатлашиб, ўқиш ва изланишларига муваффақиятлар тилагани ва мамлакатимизда ёшлар учун янада қулай шароитлар яратадиган нутқ сўзлагани ёшларимизга келгуси фаолиятлари учун улкан қанот бағишлаганини айтиб ўтишди.

Йиғилишда мамлакатимизда иқтидорли ва салоҳиятли ёшлар сони йил сайин ошиб бораётгани алоҳида эътироф этилди. Хусусан, илгари тарихимизда ҳеч қачон бўлмаган натижа – кейинги бир йилда билимли ва тиришқоқ ёшларимиз халқаро фан олимпиадаларида 4 та олтин, 18 та кумуш ва 29 та бронза медалларини қўлга киритишди. Шунингдек, жорий йилда Президент мактабларини тамомлаган 96 нафар ўқувчиларнинг барчаси муддатидан аввал нуфузли хорижий олийгоҳларга грант асосида ўқишга киргани барчада катта ҳавас туйғуларини намоён этаётгани айтилди.

Айниқса, давлатимиз раҳбарининг ёш кадрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва тарбиялаш мақсадида вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари ҳар йили ҳоким, вазир, идора ва банк раҳбарлигига камида 2 нафардан ёш номзодлар захирасини тасдиқлаши таклифини депутатлар эътироф этишди. Бу таклиф ёшларда ўз устида ишлаб, раҳбарлик қобилиятларини ривожлантиришларида муҳим омил бўлади.

Йиғилиш давомида депутатлар Президентимиз маърузаси ва илгари сурган долзарб ташаббуслардан келиб чиқиб фракция олдидаги муҳим вазифаларни белгилаб олиш таклифини илгари сурдилар.

Жумладан, мамлакатимизда ёшлар таълим-тарбияси, ҳуқуқ ва манфаатларига устувор аҳамият қаратилиб, алоҳида давлат ташкилоти – Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилгани, бундан ташқари, Ёшлар иттифоқи, унинг ҳузурида ўттиздан ортиқ нодавлат ташкилотлар фаолият юритаётгани, барча шаҳар ва туманларда “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури, турли соҳаларни қамраб олган “Беш ташаббус” лойиҳалари амалга оширилаётганлиги таъкидланиб, ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларнинг янада сифатли бажарилишини таъминлашда иштирок этиш зарурлиги таъкидланди.

Бугун ёшларга оид сиёсат иккита энг муҳим йўналиш яъни, ёшларга замонавий билим бериш ҳамда ёшлар бандлигини таъминлаш доирасида амалга оширилаётганлиги айтилиб, депутатлар бунда ёшларнинг билим ва иқтидорини ривожлантириш мақсадида янгича шакл ва мазмундаги Президент мактаблари, ижод ва  ихтисослашган мактаблар тизими тармоғини янада кенгайтириш, бандлик масаласида сифат ва узвий ҳамкорликни таъминлаш масаласида доимий таклифларни илгари суриш вазифалари белгиланди.

Шунингдек, фракция йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистонда ҳар бир йилга қандай ном беришимиздан қатъий назар, ёшларнинг билим ва касб-ҳунар эгаллаши, улар учун муносиб иш ва турмуш шароити яратиш масаласи доимо эътиборимиз марказида бўлиб қолиши таклифини қўллаб-қувватлаб, бу борада олиб борилаётган ислоҳотларнинг сифатли олиб борилишига кўмак бериш зарурлиги масаласи ўртага ташланди. Бунда ҳар бир вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари ва маҳаллий кенгашлар томонидан берилган таклифлар асосида ишлаб чиқиладиган алоҳида дастурлар ижросини мунтазам назоратини олиб бориш белгилаб олинди.

Шу билан бирга депутатлар мамлакатимизнинг кўплаб иқтидорли фарзандлари хориждаги нуфузли олийгоҳларда ўқиб, илм-фан билан шуғулланаётгани, йирик ва етакчи компанияларда иш олиб бораётганилигини эътироф этиб, бу каби билим ва малакага эга бўлган ёшларимизнинг Ватанимизга келиб ишлаши учун барча шароитларни яратиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, уй-жой ажратиш, муносиб маош тўлаш бўйича янги тизим жорий этишда фаол иштирок этиш зарурлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, фракция йиғилишида депутатлар аҳоли ва ёшларнинг турмуш фаровонлигини яхшилаш, ҳудудларда ёшларга қаратилган барча дастурлар ижросини назорат қилиш, сайловчилар билан учрашувлар давомида ёшлар билан мулоқотлар олиб бориш ва улар томонидан кўтарилган ташаббусларни амалиётга жорий этиш ҳамда муаммоларга ечим топишда жонбозлик кўрсатиш каби вазифаларни ҳам белгилаб олдилар.

Кун тартибидаги масала юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+