Янгиликлар 1629
Фракциямиз аъзосига “Саломатлик” ордени топширилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раиси Борисова Елена Михайловна кўп йиллар давомида соғлиқни сақлаш тизимида фаолият юритган тажрибали, ташаббускор, ўз касбининг устаси бўлган шифокорлардан бири.
Қисқа муддат ичида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятида қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил тадбирларида жонбозлик кўрсатиш билан бирга ўзининг билим ва тажрибаси билан кўпчиликнинг қалбидан муносиб ўрин эгаллади.
Пандемия тақозосидан Елена Борисова Тошкент вилояти Зангиота туманида коронавирусга чалинган беморларни қабул қилувчи ихтисослаштирилган юқумли касалликлар шифохонаси фаолиятини самарали ташкил этиш ишларига жалб қилинди.
Депутатимизнинг фидокорона меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб эътироф этилиб, “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллиги муносабати билан коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган тиббиёт соҳаси ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони асосида I даражали “Саломатлик” ордени билан мукофотланди.
Фракциямиз аъзосини мазкур шарафли рағбат билан чин дилдан муборакбод этамиз. Депутатимизга Янги йилда янги зафарлар тилаймиз!
“Адолат” СДП Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг