Янгиликлар 1082
Фуқародан ИИБ ходимига келган миннатдорчилик
Жамиятимизда Хурсанд Маҳаммадсодиқовичдек инсонлар кўпайсин.
Бир фуқаромиздан хат келиб тушди. Хатни ўқиб жуда хурсанд бўлдим очиғи, хатда бир онанинг ИИБ ходимига миннатдорчилиги ёзилган. Шу хатни сиз билан бўлишишни хоҳладим:
«Борингизга шукур.
Инсон бошига нима иш тушишини олдиндан ҳеч қачон билмайди. Ҳаётни паст-баланд, оқ-қорасини тирик жонки, бошидан ўтказади. Кунларнинг баланд-шодон, оппоқ-сокин онларида ёру-дўстлар қуршовида бўлар экансан. Лекин... Бошингга мушкулот тушиб, боши берк кўчага тушиб қолганингда минг афсуски, атрофингда саноқли одамгина қолар экан. Мана, шундай кунларингда сенга ёрдам қўлини чўзган одамлар кўзингга фариштадек кўринади гўё. Қалбинг тўлқинланади. Юрак изҳорингни қандай баён қилишни билмайсан.
Дард фурсат сўрамас экан. Мен ҳам саломатлигим туфайли анча «синов» ли кунларимни бошимдан ўтказаётган бир пайтда, фарзандим, ёлғизим вояга етиб, паспорт оладиган бўлиб қолди... Имкон тополмай, бир йилни ҳам ўтказиб юбордик. Нима қилишни билмасдим... Ахири, Адлия вазирлигига мурожаат қилдим. Орадан уч кун ўтмай, Юнусобод тумани «Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш» бўлими катта инспектори Мусаев Хурсанд Махамадсодиқович менга алоқага чиқиб, бўлимга етиб боришимни айтди. Биз қизим билан етиб бордик. Хурсандбек «дардимиз» ни оғринмай эшитиб, ўша кунни ўзида бизга амалий ёрдам берди. Ҳеч қандай ортиқча муаммосиз, гап сўзсиз фарзандим паспортли бўлди.
Гап мени юқорига мурожаат қилганимда эмас. Кузатишимдан келиб чиқиб айтмоқчиман. Абдумажид Шермуҳаммедов бошчилигидаги Юнусобод тумани «Миграция ва фуқароларни расмийлаштириш» бўлими ходимлари ҳақиқатан фуқароларга очиқ юз билан қўлидан келганча, амалий ёрдам қилишга ҳаракат қилишяпти. Уларга бир она сифатида чин дилимдан раҳмат. Айниқса, ИИБ ходимлари орасида Хурсандбек Мусаевдек инсонлар борлигидан фахрландим. Бир дил ободлиги-Каъба зиёратига тенг экан. Илоҳим икки дунё кам бўлманглар. Катта раҳмат сизларга. Борингизга шукур».
Севдора Латипова, журналист
Фикрингизни қолдиринг