Янгиликлар 1547
Ғалаба боғидаги чизгилар
Инсоният ўзининг узоқ даврлик тарихи мобайнида кўплаб урушларни бошдан кечирди. Бу қирғинбаротларда қанча давлатлар ҳалокат гирдобига тушди, миллионлаб одамлар қурбон бўлди, беҳисоб йўқотишлар ва вайронагарчиликларга юз тутди. Буни ҳозирги авлод унутмаслиги, бугунги тинч ва осуда ҳаётнинг қадрига етиши керак.
Маълумки, Ўзбекистон истиқлолнинг илк кунлариданоқ ички ва ташқи сиёсатда собитлик билан тинчликни сақлаш ва барқарорликни таъминлашни бош мақсад қилиб олди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан бугунги кунда юритилаётган сиёсат ҳам ана шу эзгу ғояларга йўғрилган.
Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус қарори асосида “Ғалаба боғи” барпо этилди. Мазкур боғ Ватанга садоқат, ўз ҳаётини тинчлик ва озодлик учун фидо қилган инсонларнинг ўлмас жасорати ва ёрқин хотираси олдидаги юксак ҳурмат-эҳтиромнинг амалий намунаси бўлиб хизмат қилади. Ғалаба боғи концепциясининг бош ғояси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг “Биз барчамиз, аввало, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимиз фашизм балосига қарши курашда жасур аждодларимиз, кўп миллатли Ўзбекистон халқи кўрсатган мардлик ва матонатни асло ёдидан чиқармаслиги керак” деган сўзларида ўзининг яққол ифодасини топган.
Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети профессор-ўқитувчи ва талабалари томонидан уруш қатнашчиларининг ва фронт орти меҳнаткашларини мадҳ этиш ва урушнинг даҳшатли оқибатларини ҳеч қачон унутмасликка чорлаш, мустақил ва тинч осуда ҳаётнинг қадрига етиш, Ватан ҳимоясига доимо тайёр туриш мақсадида “Ғалаба боғи”га ташриф буюрилди.
Ташриф чоғида талаба-ёшлар фронт ортидаги Ўзбекистонда кечган машаққатли меҳнат жараёнлари, уруш даврига оид шиорлар, композициялар инсталляцияси, жумладан, окоп ва блиндажлар, муваққат ҳарбий алоқа станциялари, чегара ёғоч устунлари, назорат излар йўлаги, кузатув минораларини томоша қилиб, мудҳиш ва аёвсиз уруш тўғрисида ўз таассуротларига эга бўлдилар. Шунингдек, “Ғалаба боғи” ҳудудидаги ўзбек хонадонининг бадиий тимсоли ҳамда хиёбон марказидаги муайян баландликда жойлашган генерал Собир Раҳимов ҳайкали атрофида Ўзбекистон “Veteran” жангчи-фахрийлар бирлашмаси раиси ўринбосари, Тошкент шаҳар Кенгаши раиси полковник Рустам Султонов ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа Вазирининг ҳарбий оркестри жамоаси билан қизғин давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда юз минглаб навқирон ватандошларимиз жанг майдонларида қон тўкиб, жон берганликлари, уларнинг жасоратидан кам бўлмаган жон фидолик намуналари сифатида фронт ортидаги аёллар, кексалар, ёш болаларнинг чинакам қаҳрамонликлари, уларнинг жасорати халқимиз учун шон-шараф мактаби, ғурур-ифтихор манбаи эканлиги тўғрисида қизғин маърузалар ўқилди. Суҳбат сўнггида талабаларнинг бадиий чиқишлари тадбирга ўзгача шукуҳ баҳш этишди.
Адилова Дилором Нуриллаевна
Низомий номидаги Тошкент давлат
педагогика университети Махсус педагогика
факультети Ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари,
партия “Аёллар қаноти” Республика Кенгаши аъзоси
Фикрингизни қолдиринг