Янгиликлар 1726
Гендер тенглиги: тенг ҳуқуқ ва имкониятлар
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши, партиянинг Олтинсой туман Кенгаши, туман “Аёллар қаноти” Кенгаши ҳамда туман Адлия бўлими ҳамкорликда тумандаги 6-сонли умумтаълим мактабида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун моҳиятига бағишлаб тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда партия вилоят ва Олтинсой туман Кенгашлари ходимлари, туман “Аёллар қаноти” Кенгаши фаоллари, туман Адлия бўлими мутахассислари, туман Марказий шифохона вакиллари ҳамда мактаб ўқитувчи педагоглар жамоаси иштирок этишди.
Тадбирни вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Исроил Қурбонов очди ва тадбирни ўтказишдан асосий мақсади ва моҳияти хусусида тушунтириб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг мазмун-моҳиятини хотин-қизлар ўртасида тарғиб қилиш ҳамда аёллар ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, гендер зўравонликнинг кўринишлари, яъни руҳий, жисмоний ва иқтисодий зўравонлик бўйича билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш, аёлларни ўз ҳақ-ҳуқуқлари бўйича етарли билимга эга бўлиши зарурлиги юзасидан маърузалар қилинди.
Айтиш керакки, аёлларга нисбатан зўравонликлар асосан сифатсиз таълим сабаб бўлган паст иқтисодий кўрсаткичли оилалар бошига тўғри келади. Шу жумладан, аёлларга нисбатан зўравонликлар аёлнинг иқтисодий етишмовчилиги туфайли юз беради. Шуни айтиш лозимки, дунёдаги давлатларнинг кам қисми аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасидаги қонунларни қабул қилган.
Бу борада Ўзбекистон “Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунларни қабул қилган саноқли давлатлар қаторига киради. Бу қонунлар давлат ва бошқа тегишли ташкилотларни аёллар зўравонлигига қарши курашиш ва уларга барҳам беришга чақиради.
Тадбир давомида ана шулар хусусида сўз юритилиб, аёлларга нисбатан зўравонлик ва репродуктив ёшидаги аёллар ўлими ва уларнинг меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолишининг муҳим сабаблари кўрсатиб берилди.
Нурислом Норбобоев, Олтинсой туман Адлия бўлими мутахассиси:
Тўғри, ҳозир биз яшаётган давр янгиланаётган Ўзбекистоннинг ислоҳотларида инсон манфаатларининг устунлигига қаратилган бир пайтда, ҳали ҳам оилавий низоларнинг жуда катта қисми эркаклар томонидан аёл ҳуқуқларининг тан олинмаслик ҳолатлари, шунингдек, айрим ҳолатларда жамиятда ҳам хотин-қизларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларига етарлича аҳамият берилмаётгани ҳақиқатдир. Шунингдек, қонунда гендер тушунчаси ҳам қайд этилган бўлиб, унга кўра, хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳати кўрсатилган. Демак, гендер тушунчаси фақат аёллар манфаатларини ифодаламайди. Балки ҳар икки жинс вакилларининг ўз орзу ва мақсадлари сари дадил одимлаши, ҳаёт сифатини ошириш учун бир хил имкон бериш кераклигини илгари суради, холос. Айнан ривожланган жамиятнинг талабларидан бири бу эркак ва аёл ҳуқуқлари тенглигининг таъминланишидадир. Тадбирда ана шулар хусусида тушунча ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир сўнггида йиғилиш иштирокчилари ўзларининг қизиқтирган саволларига тегишлича жавоблар олишди.
Малика ХИДИРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Олтинсой туман “Аёллар қаноти” Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг