Янгиликлар 1504
Гербимизда ўтмишимиз, бугунимиз ва эртамиз акс этган
Мана 29 йилдирки мамлакатимизда 2 июль санаси Ўзбeкистoн Рeспубликасининг давлат герби қабул қилинган кун сифатида нишонлаб келинмоқда. Ўтган вақт давомида давлат герби бошқа рамзларимиз каби юртдошларимиз кўнглидан чуқур жой эгаллади. Бугунги кунда ёшлар спорт, илм-фан ва халқаро даражадаги тадбирларда юксак натижаларни қўлга киритиб жаҳон ареналарининг юқори шоҳсупаларини забт этмоқда. Бу каби юксак ютуқларнинг нишонланиш жараёнларида уларнинг ёнида доимий равишда давлатимизнинг бошқа рамзлари каби гербимиз туширилган спорт формалари, тарғибот материалларининг бўлиши эса ушбу ҳаяжонли дамларда ёшларимизга улкан мадад кучи бўлиб хизмат қилмоқда.
Давлат герби Ўзбекистонинг сиёсий, миллий, географик, этник ва бошқа ўзига хос хусусиятлари, бой тарихий анъаналарини ифодалайди. Шу боисдан ҳам бугун гербимиз нафақат бизнинг балки, кўплаб миллат ва элатлар кўнглидан ҳам чуқур жой эгаллаган. Ундаги ҳар бир тимсол миллий анъана ва қадриятларимизнинг боқийлиги, маънавиятимиз юксаклиги, ирода ва эътиқодимиз мустаҳкамлиги рамзидир.
Хусусан, ифтихоримиз рамзи бўлмиш гербимизда гуллаган водий узра чарақлаб турган қуёш, сўл томонида жойлашган буғдой бошоқлари, ўнг томонида эса очилган пахта чаноқлари суврати ўзида ўзбек халқининг меҳнаткаш деҳқонлари меҳнати улуғворлигини намоён этган.
Гербнинг юқори қисмида республикамиз жипслигининг рамзи сифатида саккиз қиррали юлдуз тасвирланган. Ушбу саккиз қиррали юлдузга ҳамоҳанг тарзда эса, мусулмонларнинг қутлуғ рамзи бўлган ярим ой ва юлдузлар жойлаштирилган.
Гербнинг марказида ҳиммат, олийжаноблик ва фидойилик тимсоли бўлган афсонавий Ҳумо қуши қанотларини ёзиб турибди. Ушбу рамз ва тимсоллар халқимизнинг тинчлик, яхшилик, бахт-саодат, фаровонлик йўлидаги орзу-умидларини ифодалайди. Гербнинг пастки қисмида республика Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лента ичида эса “Ўзбекистон” сўзи тасвирланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки гербимиз ўзида халқимизнинг бой тарихи, ҳозирги шукрона кунлари ва порлоқ келажагини акас эттирган давлатчилигимизнинг ажралмас қисми сифатида ифодаланган.
Мавлуда АТХАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг