Гулбаҳор Саидғаниева: Бугун ҳамма соҳа имтиҳондан ўтмоқда

10.04.2020 15:04:55

 

Айни кунларда карантин сабабли жамиятимиздаги ҳамма соҳа имтиҳондан ўтмоқда.

Мазкур жараёнда тиббиёт соҳаси ҳам четда қолгани йўқ. Бу соҳадаги ютуқларимиз, кучимиз, иқтидоримиз ҳам бугун кўринмоқда. Шунинг баробарида заиф нуқталаримизни ҳам билиб оляпмиз. Бир ёмоннинг бир яхшиси бор дегандек, давр ўзидан из қолдиради. Бугун ўқиган маълумотларимнинг бирида мени қувонтиргани Ўзбекистон олимлари коронавирусни аниқлайдиган маҳаллий тест тизимларини ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйгани ҳақидаги хабар ҳамда олдингилардан ташқари яна 8 нафар беморнинг бутунлай соғайгани бўлди .

Касалликни даволашнинг усуллари устида ҳам тажрибалар олиб борилмоқда. Ўзбекистонда мавжуд дори-дармон воситаларининг вирусга қарши таъсири ўрганиляпти. Катта жанггоҳда жон олиб, жон бериб курашаётган ходимлар ҳақиқий қаҳрамонлардир. ижтимоий тармоқларнинг бири(facebook.com)да бир тиббиёт ходимаси ёзиб қолдирган “пост” қалбимга қаттиқ таъсир қилди. “Қанийди карантин тугасаю, ҳамма кўчага, ишга, ўқишга чиқиб кетсаю, мен уйда қолиб тўйиб ухласам” деб ёзганди у...

Демак, тиббиётимизга тўлиқ ишонч бор, жаҳон олимлари билан бир қаторда Ўзбекистон тиббиёти ҳам коронавирус пандемиясига қарши тенг курашмоқда.

Бугун давлат бошқаруви ҳам имтиҳондан ўтмоқда. Имтиҳондан энг яхши ўтаётган соҳа шу десам, муболаға эмас. Бугун бутун халқнинг саломатлигини энг биринчи ўринга қўйиб туриб олиб борилаётган сиёсат, тўлиқ ишонч билан айтаман, ҳеч қайси давлатда йўқ. Коронавирусга чалинган беморларни бепул даволаш, карантинга олинганларни бепул таъминотда сақлаб туриш – буларга бюджетдан ажратилган маблағнинг ўзи бўлмайди.

Ваҳоланки, ривожланган давлатларда бу амалиётлар пулли бўлиб, фуқаронинг жуда катта маблағлари эвазига амалга оширилади. Тезкорликда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган фармонлару, чора-тадбирлар иқтисодиётимизнинг, халқ хўжалигимизнинг ривожланишдан тўхтаб қолмаслиги учун қаратилди. Энг аввало, халқни ва давлатни боқувчи тадбиркорлар синфи ҳимояга олинди. Кам таъминланган аҳолининг ижтимоий ҳимоясига ҳам катта эътибор қаратилди. Коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш, унинг иқтисодиётга салбий таъсирларини юмшатиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича тизимли ишлар олиб бориляпти. Буни Ўзбекистон халқи кўриб-билиб, эътироф этиб турибди.

Яна бир соҳа – ахборотлаштириш соҳаси ҳам катта синовдан ўтмоқда. Бугун ахборот узатишдаги тезкорлик, очиқлик, шаффофлик илгари кўрилмаган темпларда давом этмоқда. Айнан шу жиҳат туфайли аҳоли орасида ортиқча ваҳима уйғонмади, асосийси, халқда давлатга ишонч ортди.

Энг муҳими, бугун электрон ҳужжат айланиши ва электрон ҳукумат тизими синовдан ўтиб бормоқда. Фуқаролар, тадбиркорлар, оддий аҳолининг иши бугун электрон йўсинда олиб борилмоқда. Савдо-сотиқ ишлари ҳам электрон кўринишда амалга оширилмоқда. Бу бир томондан рақамли иқтисодиётни ривожлантиришимизга катта туртки бўлади.

Бугун ахборот технологиялари тизими ҳам катта имтиҳондан ўтмоқда. Ахир шунча хизматни бошқаришнинг ўзи бўладими? Интернет тезлиги, олдингидан ўн ҳисса ортиқ юкнинг тушиши, олдин мавжуд бўлмаган хизматларнинг, мобиль иловаларнинг ишга туширилиши, абонентлар сонининг ўз-ўзидан кўпайиши – булар ҳаммаси бугун соҳа ходимларидан қаттиқ меҳнат талаб қилмоқда.

Айтиш мумкинки, таълим соҳасининг елкасига ҳам оғир юк тушди. Баъзида камчиликларимиз ҳам кўриниб қолмоқда. Аммо уларни бартарф этиб, фарзандларимизнинг таълим олишлари учун барча имкониятлар ишга солинмоқда. Илгари ҳеч олдинга силжимаётган масофадан ўқитиш, онлайн дарслар соҳаси жадал илгарилаб кетди. Коррупциянинг урчишига сабаб бўлган омиллар йўқолиб бормоқда. Авваллари ҳеч юритишнинг имкони бўлмаган электрон журнал юритилиши йўлга қўйилди, талабалар очиқ, шаффоф баҳоланишига имконият яратилди.

Энг катта юклардан бири журналистикамиз зиммасига ҳам тушди. Бу синовлардан журналистларимиз ҳам мардонавор ўтиб бормоқда. Майдонга шов-шувлар ортидан қувадиганлар эмас, профессионал журналистлар тушди. Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам профессионал журналистларимизни қўллаб-қувватлашларини билдириб ҳурмат ифода этган эдилар. Телевидение, радио, босма нашрлар ҳамда интернет сайтлари тезкорлик, аниқлик, холислик, профессионализм билан бугуннинг талабига жавоб бермоқда. Бу соҳа ходимлари ҳам энг хавфли ўчоқларда иш олиб боряпти.

Жамиятнинг ҳар соҳаси – ички ишлар, йўл-патруль хизмати, миллий гвардия, ижро ҳокимиятлари – ҳаммаси халқ нигоҳида. Ўзбекистон – жаҳон нигоҳида. Бугун халқимиз давлат органларига, раҳбарларга умид кўзини тикиб турибди. Имтиҳондан аъло даражада ўтиб бораётган раҳбарларимиз кўп...

Бугун инсоф, иймон, диёнат ҳам имтиҳондан ўтмоқда. Кимнинг кимлиги, ким нимага қодиру, ким қандай инсонлигини ҳам билиб бораяпмиз. Ким элнинг мусибатидан ҳам фойдаланиб қолай деса, ким борини элга олиб чиқиб бермоқда. Хайрия акцияларининг кўплиги, кимда меҳр-мурувватнинг мўллиги туйғулантирса, кимнинг ношукрлиги ажаблантиради...

Халқ депутатлари Олтиариқ туман кенгаши депутати Абдуллажон Исоқовнинг саҳоватини таърифлашга тил ожиз. Саккиз аср илгари бутун бойлигини қариндошларию одамларга бўлиб бериб дарвишликни бўйнига олган Фаридиддин Аттор қиссасини ўқигандим. Аммо замондошимнинг бундай саҳоватини кўраман деб ўйламагандим...

Бугун оилавий муносабатлар ҳам имтиҳондан ўтмоқда...

Интернет оламида ҳар куни ҳар қандай меҳрсизликларга тўла хабарлардан қалбларимиз зирқирарди. Боланинг отага, отанинг болага, хотиннинг эрга ва ҳоказо муносабатлар эски ҳолидай самимият, меҳрга йўғрилса, ажабмас...

Умид қиламизки, карантин ҳам тугар, касаллик ҳам чекинар, яна эмин-эркин ҳаёт бошланар, лекин жамиятимиз, биз энди бошқа бўламиз. Меҳр-мурувватли, саховатли, одил ва ривожланган жамиятни бирга қурамиз.

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+