Ҳайитни уйда қолиб ҳам кўтаринки кайфиятда ўтказиш мумкин

23.05.2020 21:05:44

Ислом динидаги икки асосий байрамнинг бири, эзгулик, мехр-оқибат, саховат айёми бўлган муборак Рамазон ҳайити арафасидамиз. Ҳар йили бутун дунё мусулмонлари қатори юртдошларимиз ушбу айёмни кўтаринки кайфият, ўзгача шукуҳ, алоҳида тайёргарлик ҳамда катта хурсандчилик билан нишонлайдилар.

Барчага маълумки, ҳозирги кунда бутун дунё бўйлаб, шу жумладан мамлакатимизда ҳам коронавирус касаллиги тарқалди. Ҳозир барчамиз мураккаб даврни бошдан кечирмоқдамиз. Юртимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Юртимизда бу касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин ва бир қатор чекловлар жорий этилди. Шу боис, юртимиз ушбу офатдан ортиқча офатларсиз чиқишга эришмоқда. Вазият барқарорлашгани сари карантин чекловлари ҳам аста-секин юмшатилмоқда. Бундан нотўғри хулоса чиқарган баъзи инсонлар бепарволикка берилмоқда. Бироқ дунёнинг кўплаб мамлакатларида коронавирус билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда.

Бундай синовли даврга тўғри келган муборак Рамазон ҳайити кунларида инсонлар бир-бирларини байрам билан табриклаши, беморларни зиёрат қилиш, қарияларни ҳолидан ҳабар олиш каби хайрли амалларни ўзимизнинг ва яқинларимизнинг ҳаётига хавф солмаган ҳолда уяли алоқа воситалари орқали амалга ошириб, байрамни уйимизда, оила аъзоларимиз даврасида нишонлашимиз мақсадга мувофиқдир.

Муҳтарам Президентимизнинг “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”га Қарорида ҳам байрамни карантин талабларига мувофиқ, халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтказиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

Карантин қоидаларига ва кўрсатилаётган тавсияларга амал қилсак, Рамазон ҳайитини кўтаринки кайфиятда, хурсандчиликда ўтказишга ўз хиссамизни қўшган бўламиз.

Ориф ШУКУРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+