Янгиликлар 1845
Ҳали ҳамон “буржуйка”ми?
Бугунги кунга келиб, Республикамиздаги 162 та мактаб ва 156 та мактаб филиали қўлбола (буржуй) печлар орқали иситилмоқда. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова маълум қилди.
Мазкур брифингда шунингдек, Республика бўйича мавжуд жами 10 008 та умумтаълим мактаби ва ихтисослаштирилган мактаб интернатининг 3 310 таси — табиий газ; 23 таси — суюқ ёқилғи; 6 671 таси — кўмир (брикет); 4 таси — электр токи орқали иситилаётгани ҳам очиқланди.
Уларнинг иситилиш тури эса қуйидагича: 1 036 та мактаб — марказлашган иссиқлик тармоғи орқали, 8 810 таси — локал иситиш тармоғи орқали; 162 таси — қўлбола (буржуй) печлар орқали. Жами 1 196 та мактаб филиалининг 118 таси — табиий газ, 1 таси — суюқ печ ёқилғиси, 1 062 таси — кўмир (брикет) ёқилғиси, 15 таси — электр токи манбаларидан фойдаланиб иситилади.
Бу рақамларга қараб эвоҳ, деб юбордим. Осмондан тушмаганман, қишлоқларда ҳамон буржуй печларда уйлар иситилишидан хабарим бор, лекин мактабда ҳам шу усулдан фойдаланишни тасаввуримга синдиришга ҳаракат қиляпману, барибир уддалай олмаяпман.
Ахир қўлбола печлар орқали иситилаётган мактабларда ўқувчиларнинг ис газидан заҳарланиши эҳтимоли юқори-ку! Чунки қўлбола печлар синф хоналарининг ички қисмига, ўқувчиларга яқин қилиб ўрнатилган.
Биз бугун жамиятда рақамлаштириш, илғор технологияларни кенг жорий этиш ҳаракатида эмасмизми?
Буржуй печлар қайси аср технологияси?
Яна бир талай саволлар миямни пармалай бошлади. Бошқа чора йӯқми, нега, қачонгача...
Бизнинг Халқ таълими вазиримиз бугун ҳар бир мактаб директори тадбиркорлик билан ишласин, излансин, йўлини топсин дея бонг уриб турган бир вақтда, нега шахсан ўзлари тадбиркорона йўл тутиб, буржуй печларни йўқотиб, бошқа вариантлар ҳақида бош қотирмайдилар?
Ахир давлат томонидан таълим учун ажратилаётган миллиард ва триллиондан сўзловчи рақамларни отам замонидан қолган “буржуйка”ларни алмаштиришга йўналтирса, ҳеч бир раҳбар уни урушмаса керак.
Кейин бунинг учун ҳеч қандай тадбиркорлик ҳам керак эмас, аксинча, пулни мақсадли сарфлаш керак холос.
Вазир жаноблари брифингларда жуда ҳозиржавоблик билан саволларга жавоб бериб ташлайдилар, лекин нега бу каби масалалар ечимида ҳозиржавоблик йўқ? Қайси бир йиғилишда биз болаларнинг мактабга бориб келиши учун автобуслар ажратамиз, деганлари қулоғимга чалинган эди ва ўшанда қишлоқ ўқувчилари “Бизга автобус керакмас, синфхоналаримизни иситиб беринг”, дея жавоб беришган эди.
Ҳа, совуққа қолдирмай, буржуй печкада бўлса ҳам иситиш йўлга қўйилган эканку, дерсиз, лекин олис ҳудудлардаги ўғил - қизларимиз ҳам сал бўлсада замонавийроқ синф хоналарда ўқишсин!
Майли уларга электрон доскалар, мульти-медиа ускуналари кейинроқ берилар, лекин синф хонани ачитиб, кўмир ёқишмасин, унинг ҳиди ўпкани заҳарлайди! Биз соғлом авлод ҳақида қайғуряпмиз ахир.
Биз учинчи ренессанс ҳақида гапираётган бир даврда “буржуйка”ларда синф хоналарни иситяпмиз, балки чироқни эконом қилиб, шам билан дарс ўтармиз, қадимги аждодларимиз ҳам шам ёруғида китоб ўқиб одам бўлишган деб.
Жаноб вазир, ҳар бир ишнинг савол-жавоби бор, ҳеч бўлмаса бу йил бошқачароқ ишланг, пресс клуб, брифингларда ҳозиржавоб бўлавермай, мана шунақа жуда зарур масалаларни ҳам ечиб ташланг, давлатимиз бу масалада маблағни аямай беряпти, фақат уни ўйлаб ишлаттиринг, дарвоқе, ишлатилмай қолиб ҳам кетмасин.
Дониёр ЮСУПОВ,
Халқ депутатлари Қибрай туман Кенгаши депутати,
журналист
Фикрингизни қолдиринг