Янгиликлар 2876
Ҳалоллик қандай ҳосил бўлади?
Жорий йил бошида давлатимиз рахбарининг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида келтириб ўтилган ушбу сўзларнинг ҳаётимиз учун нақадар аҳамияти юксак эканлигини ҳар биримиз ҳис қилишимиз лозим. Ҳалоллик қалбимизга қачон сингади? Аввало, кимнинг иймони мустаҳкам бўлиб, ҳаромдан ҳазар қилса, бажараётган ишига виждонан ёндашса ўз-ўзидан ҳалоллик келиб чиқади. Бунинг учун ҳар бир инсон бу нарсани ёшлигидан қалбида жо қилиши зарур. Зеро, ёшликда олинган билим ва тарбия инсоннинг бутун умри давомида ҳамроҳлик қилиши шубҳасиз.
Ҳар бир инсон дунёга келганидан бошлаб дастлаб ота-она тарбиясини олади. Ҳалолликнинг илк мезони ҳам айни шундан бошланади. Агар бола оиладаги муҳитда шаклланган ҳалоллик нафасини ҳар доим ҳис қилиб турса бевосита унинг мурғак қалбига ҳам бу ҳислат сингиб боради. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, сал улғайиб мактаб остонасига қадам қўйган боланинг секин-аста жамият билан аралашув жараёни бошланганда оилада олинган тарбия қанчалик аҳамиятли бўлмасин, атроф-муҳитдаги баъзи бир салбий ҳолатлар беихтиёр ўз таъсирини ўтказиши мумкин. Бундай вазиятда мактаб ўз ролини кўрсатиши керак. Яъни унда ўтиладиган дарс машғулотларида ўқувчилар қалбига ҳамиша ҳалол ва покликни тарғиб этувчи ғоялар сингдириб борилиши лозим. Айниқса, ўсмирлик вақтида турли ҳил ёт таъсирларга берилувчанлик ҳолатлари кўп учрайди. Ўша вақтда ҳар томонлама тўғри йўналишни кўрсатиб турадиган сабоқ жуда муҳим.
Шунинг учун мен мактабларда «Диний тарбия» фани ўқитилиши лозим, деган фикрдаман ва бунинг таклифини бераман. Агар «Диний тарбия» фани мактабларда 1 синфдан жорий қилиниб, то мактабни тамомлагунга қадар давом эттирилса, «Пора олган ҳам, берган ҳам дўзахийдир» деган фикр сингдирилса ҳозирда жамиятимизда илдиз отган коррупциянинг оёғига болта урилган бўларди. Чунки, мамлакатимизда истиқомат қилувчи аксарият фуқаролар ўзбекларни ташкил этгани ҳолда ислом динига амал қилинади. Ислом динининг моҳияти нақадар улуғвор эканлигидан уни бутун жаҳон оммаси бугун тан олмоқда. Унда илгари сурилган ғоялар эса инсонни фақатгина тўғрилик, ҳалоллик ва покликка бошлайди, инсон қалби ва руҳини поклайди. Шу боис болаликдан, ёшликдан ислом илми ва диний тарбия мурғак қалбларга сингдирилиши зарур. Шунда мамлакатимиз ўз олдига қўйган улкан режа ва мақсадларига ҳалол ва ўз ишида собитқадам фуқаролари билан сўзсиз эришади.
Муслимбек ТУРДИЕВ,
Бектемир тумани ҳокимлиги
таҳлилий-назорат гуруҳи раҳбари
Фикрингизни қолдиринг