Янгиликлар 1038
“Ҳалоллик вакцинаси” билан коррупцияга қарши борамиз
Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтиришга биргина масъул идоралар томонидан эришиш қийин. Унинг тўлақонли рўёбга чиқиши учун ҳар бир фуқаро ўзида масъулият ҳис этиши лозим. “Адолат” СДП Андижон шаҳар кенгаши томонидан Андижон давлат тиббиёт институти талабалари иштирокида ўтказилган давра суҳбати айни шу мавзуга бағишланди.
“Биз коррупцияга қаршимиз” мавзусидаги мазкур тадбирда сўз олганлар коррупцияга қарши курашиш - ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини таъкидладилар. Коррупция–жамиятнинг иқтисодий тараққиётини издан чиқарувчи, айрим мансабдор шахсларнинг ноҳалол йўл билан маблағ орттириб, жамият таназзулига юз тутишига сабаб бўлувчи жирканч иллатдир. Бу жиноятнинг олдини олиш учун биринчи навбатда унга йўл бермаслик лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Ўткирбек Арзиқулов, халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутати:
-Коррупция ва порахўрлик жамият барқарорлигининг муҳим асоси бўлган адолатнинг йўқолишига олиб келади. Шу сабаб ҳар бир фуқаро пора олиш ва бериш иллатидан халос бўлиши, Президентимиз таъбири билан айтганда, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланиши зарур.
Тадбир якунида жиноятга қарши биргаликда курашишга келишиб олинди.
“Адолат” СДП Андижон вилояти
кенгаши матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг