Янгиликлар 1615
«Ҳалоллик вакцинаси – тараққиёт гарови»
Бугун Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан ташкил этилган «Ҳалоллик вакцинаси – тараққиёт гарови» номли конференция ҳамда «Коррупция – ёшлар нигоҳида» номли китоб тақдимотига бағишланган маъданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Гибрид шаклда ташкил этилган мазкур тадбирда, Ўзбекистон «Адолат СДП Марказий аппарати ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси фаоллари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси прокуратураси, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг раҳбар ходимлари ҳамда фаоллар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
«Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони ҳамда «Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори ижросини таъминлаш юзасидан ташкил этилган тадбир доирасида «Коррупция – ёшлар нигоҳида» китоби тақдимотининг ўтказилиши конференция мазмун-моҳиятини янада бойитди.
Тадбирни очиб бериш учун Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов сўзга чиқиб, ҳозирда мамлакатимизда юз бераётган ҳуқуқий-демократик жараёнларда ҳукуматимиз томонидан амалга оширилган ислоҳотларнинг аҳамиятини юқори баҳолаб, ушбу жараёнларда сиёсий партиялар хусусан, Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг фаол иштирокчи ва ташаббускор бўлаётганлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, партия Сиёсий Кенгаши раиси томонидан мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий тараққиётни, фуқароларимиз фаровонлигини кўзлаб амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигига жиддий таъсир этаётган омил бу – коррупцион ҳолатлар эканлиги қайд этилиб, мазкур муаммога ечим топишда барча ташкилотлар ҳамкорликда иш олиб боришлари лозимлиги айтиб ўтилди.
«Бугунги кунда давлатимизда коррупцияга қарши кескин кураш олиб борилаётган бир вақтда, очиқ ва ошкоралик тамойилларига кенг йўл очиб берилганлиги коррупцияга қарши кураш йўлида олиб борилаётган ишлар суръатини янада жадаллаштирмоқда. Зотан, Давлат ва жамият ўртасидаги ҳамфикрлик коррупцияни батамом, таг-томири билан қуритиш йўлидаги энг самарали усулдир,-деди Ўзбекистон Республикаси Олий мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Умаров Наримон Маджитович.
Тадбир давомида «Коррупция – ёшлар нигоҳида» китобнинг яратилиш тарихига назар ташланиб, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ғоялар доирасида умумтаълим мактаблари (шунингдек, ихтисослаштирилган, махсус мактаблар) ўқувчилари онгига коррупциянинг жамият ривожига салбий таъсирини содда ва тушунарли қилиб етказиш ҳамда уларнинг ҳуқуқий билимларини ўстириш, коррупцияга қарши нафрат туйғусини уйғотиш мақсадида «Коррупция – ёшлар тасаввурида» иншолар танлови ўтказилгани, унда Республика бўйича 8642 та умумтаълим мактабларидан 445 мингдан ортиқ ўқувчилар ўз иншолари билан иштирок этгани айтиб ўтилди. Аҳамиятлиси, иншолар танловининг якуни бўйича ҳудудлардан 84 нафар ўқувчи ғолиб деб топилиб, ушбу ўқувчиларнинг иншоларини саралаш ва жамлаш орқали «Коррупция ёшлар нигоҳида» номли иншолар китоби чоп этишга эришилгани қайд этилди.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан жамият тараққиётининг асосий кушандаси ҳисобланмиш коррупцион ҳолатларга барҳам бериш борасида ўзаро ҳамкорликда фаолият олиб бориш, муаммога нисбатан муросасиз муносабатда бўлишга келишиб олинди.
«Адолат» СДП Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг