Янгиликлар 1332
Ҳалоллик вакцинаси – тараққиёт гарови
Бухоро шаҳар «Арк» меҳмонхонасининг конференция залида Ўзбекистон «Адолат» СДП Бухоро вилоят Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган «Ҳалоллик – вакцинаси – тараққиёт гарови» номли конференция ҳамда «Коррупция – ёшлар нигоҳида» номли китоб тақдимотига бағишланган маъданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатлари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят «Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш» доимий комиссия аъзолари, вилоят Халқ таълими мутасаддилари иншолар танлови ғолиблари, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни очиб бериш учун партия вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов сўзга чиқиб, бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича улкан ислоҳотлар амалга оширилаётгани ва бунда «Адолат» СДПнинг муносиб ўрни борлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, М.Ҳамидовнинг «Коррупция – жамият кушандаси» мавзусидаги маъруза йиғилган иштирокчиларни бефарқ қолдирмади.
«Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш мамлакатимизда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиб улгурди. Давлатимиз раҳбари ўз ваколатига киришиши билан Президент сифатида имзо чеккан энг биринчи ҳужжат «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бўлди. Коррупцияга қарши эълон қилинган кураш Янги Ўзбекистон – очиқ Ўзбекистон амалиётига тўлиқ мос келишини кўрсатди. Давлат ташкилотлари ҳамда тадбиркорликнинг барча бўғинларида коррупцияга қарши аёвсиз кураш олиб борилаётганлиги намоён бўлди. «Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратишда Қувонарлиси, жамият бефарқ эмас», - дейди вилоят Кенгаши раиси. Жамият тараққиётига жиддий путур етказувчи омил бу – коррупцион ҳолатлар эканлиги қайд этилиб, ушбу муаммога ечим топишда барчамиз бир ёқадан бош чиқариб курашмоғимиз лозимлиги айтиб ўтилди.
Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати Қодир Жўраев ҳам сўзга чиқиб, «Тараққиёт стратегиясида белгиланган улуғвор мақсад ва вазифалар» мавзусидаги маъруза билан тадбирни давом эттирди. Маърузада давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳам ривожланиш ҳам янгиланиш йўлидан дадил одимлаб боришга имкон бераётгани қайд этилди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати Таваккал Чориев ҳам сўзга чиқиб, «Йўл ҳаракати қоидаларига итоаткорлик иммунитетини шакллантириш» мавзусидаги маърузани йиғилганларга тақдим қилди. ОМҚП депутати Т.Чориев бугунги кунда мамлакатимиз раҳбари томонидан эътибор қаратилаётган барча соҳадаги ўзгаришлар ва янгиланишларнинг туб замирида энг аввало инсон тақдири ҳамда унинг фаровон ҳаёти кафолати турганлигини таъкидлади.
Тадбир давомида партия вилоят Кенгаши раиси М.Ҳамидов «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши томонидан ёшлар онгида коррупцияга қарши тоқатсизлик маданиятини шакллантириш, уларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимларини ошириш мақсадида «Коррупция ёшлар тасаввурида» иншолар танлови ўтказилгани ва бу танловда вилоятимиздан 5 нафар ўқувчи фахрли ўринни олганлигини таъкидлади. Шу билан бирга «Коррупция – ёшлар
нигоҳида» китоби ҳақида ҳам сўз юритиб, партия ташаббуси билан ушбу китоб чоп этилгани ва бу китобдан ғолиб ўқувчиларнинг иншолари жой олганлиги алоҳида қайд этилди.
Тадбир якунида республика иншолар танловида ғолиб бўлган 5 нафар ўқувчилар ҳамда уларнинг ўқитувчиларига партия Бухоро вилоят Кенгаши раиси М.Ҳамидов томонидан фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирдан сўнг барча йиғилиш иштирокчилари партия вилоят Кенгаши раиси М.Ҳамидов томонидан ташкил этилган байрамона ош дастурхонига таклиф этилиб, тадбир қатнашчилари бир пиёла чой устида суҳбат қурдилар.
«Адолат» СДП Бухоро вилоят Кенгаши Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг