Янгиликлар 1456
Халқ хизматига камарбаста депутатлар
Халқ депутатлари Бектемир туман Кенгашига «Адолат» СДПдан сайланган депутатлар беш нафарни ташкил этади. Таъкидлаш лозимки, уларнинг ҳар бири халқ хизматига ҳамиша камарбаста бўлишга шай кишилардир. Маҳаллаларда юзага келадиган турли ҳил муаммолардан тортиб, аҳолининг ижтимоий ҳимоясига ҳам катта эътибор қаратишади. Улар орасида кўплаб эҳтиёжманд аҳолига нафи тегаётган депутатларнинг борлиги бизни қувонтиради. Халқ депутатлари Бектемир туман Кенгаши депутатлари Дониёр Одилхонов, Камолиддин Собиров, Хан Владимир, Кунтуғмиш Ахкулов, Асрор Махмудовларни ана шундай фидойи депутатлар сирасига киритиш мумкин.
Жумладан, улар айниқса, пандемия даврида халққа жуда кўп ёрдамлар беришди. Давлат аҳамиятига молик лойиҳаларда фаол иштирок этиб, ўз мурувватларини ёрдамга мухтожлардан аяшмади. Бу борада депутат Асрор Махмудов ташаббуси эътирофга лойиқ. Депутат ўз шахсий маблағлари хисобидан жуда кўп озиқ-овқатлар, кийим-кечакларни хайр-эхсон қилди. Бу ёрдамлар халқимизни иқтисодий тахликага солиб қўйган бир вазиятда жуда асқотди. Шунингдек, депутат Дониёр Одилхонов, Камолиддин Собировлар ҳам бу йўсинда кўпгина ишларни амалга оширдилар.
Депутат Хан Владимир таълим соҳасида фаолият олиб бораётганлиги сабаб ёш авлод таълим-тарбияси учун нафақат касбий ахди, балки нақди билан ҳам курашадиган олижаноб инсон. Бугунги кунда депутат ўз соҳаси орқали фаоллик позициясини илгари сурмоқда. Депутат бўлиш билан биргаликда тумандаги «Чашма» МФЙнинг раислиги вазифасини ҳам ўрнига қўйиб бажарадиган Кунтуғмиш Ахкуловни ташаббускорлар сафига киритмоқ ўринли. Негаки, маҳалладаги турли-туман муаммоларга ечим ахтариш шу инсоннинг зиммасида. Маҳалладаги қўйди-чиқдилардан тортиб то тадбиркорлик, ижтимоий масалаларгача ҳам раис ҳам депутат бўлиб курашади.
Халқ депутатлари Бектемир туман Кенгаши депутатларининг бугунги кундаги фаолияти анчагина салмоқли. Хайрли ва эзгу ишларни давом эттириб, муаммоларга кўмаклашмоқдалар. Ўз ваколатлари доирасида доимий комиссияларда масалалар муҳокамасига киришиб, масъуллардан муаммоли ишлар натижадорлигини таъминлашни сўрашмоқда. Жоиз бўлса, туман Кенгаши сессияларига муаммони олиб кириб, тегишли қарорларни чиқартиришга муваффақ бўлмоқдалар.
Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,
«Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг