Янгиликлар 1264
Халқ ишончи йўлида
Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши ва «Адолат» СДП депутати Фарҳод Ихтиёров партиянинг «Муаммо билан юзма-юз» лойиҳаси доирасида шаҳарнинг «Янгиобод» МФЙда жойлашган «Наврўз», «Карвон», ва «Муборак» кўчаларида, ҳамда «Ғафур Ғулом» МФЙдаги «Абу Хафси Кабир» кўчасида яшовчи фуқаролар хонадонларида бўлиб, муаммо ва таклифларини тинглади.
Шу билан биргаликда депутат Ф.Ихтиёров томонидан маҳалладаги «Темир дафтар», «Ёшлар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган фуқаролар билан ишлаш, камбағалликни қисқартириш ҳамда МФЙларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Шаҳардаги «Янгиобод» МФЙ фуқароларининг муаммо ва таклифлари депутат томонидан ўрганилганда, фуқароларнинг МФЙдаги «Наврўз», «Карвон», ва «Муборак» кўчаларига тунги ёритгичлар ўрнатиш масаласидаги мурожаати аниқланди. Ушбу мурожаатни ижобий ҳал этиш мақсадида депутат Ф.Ихтиёров томонидан шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи А.Аҳмедовга депутатлик сўрови чиқарилиб, ижроси назоратга олинди.
Шаҳарнинг «Ғафур Ғулом» МФЙда яшовчи фуқаролар эса депутатга маҳалладаги «Абу Хафси Кабир» кўчаси 1-муюлишида ичимлик суви қувурлари яроқсиз ҳолга келиб қолгани ҳақидаги шикоятни билдириб, сув қувурини янгисига алмаштириш бўйича амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдилар. Депутат Ф.Ихтиёров ушбу муаммога ҳам ижобий ечим топиш мақсадида «Бухоро сув таъминоти» МЧЖ шаҳар филиали бошлиғи М.Наимовга депутатлик сўрови чиқарди ва ижросини назоратга олди.
Шу билан биргаликда депутат Ф.Ихтиёров «Янгиобод» ҳамда «Ғафур Ғулом» МФЙлар фаоллари билан маҳаллада истиқомат қилувчи кекса-нуронийлар, ногиронлиги бор, беморлар ва эҳтиёжманд оилалар вакиллари ҳолидан хабар олиб, депутат томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари улашилди.
Депутатларимиз томонидан жойларда мавжуд муаммоларни бартараф этиш, сайловчиларнинг ишончини оқлашга қаратилган бундай хайрли ва амалий ишлар мунтазам давом эттирилмоқда.
Мухтасар ЗОХИДОВА,
«Адолат» СДП Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг