Халқ ишончи - улкан масъулият

02.08.2022 14:08:30

Партиянинг дастурий мақсад ва ғояларини халқ орасида кенг ёйишда аҳоли муаммоларини ижобий ҳал этишда партиямиз вакиллари ҳамда партиямиздан сайланган депутатларимизнинг алоҳида ўрни бор. Шу боисдан бугунги кунда халқ вакили қанчалик фаол ва жонкуяр бўлса, партиямиз шу даражада омма орасида обрў-эътиборга ва халқнинг муҳаббатига сазовор бўлади.

Қоровулбозор туман сайлов округида бўшаб қолган ўрин учун Халқ депутатлари туман Кенгашига ўтказилган сайловда партиядошларимиз фаол қатнашдилар. 15-сонли «Ҳ.Олимжон» сайлов округига Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлиги учун «Адолат» СДП Қоровулбозор туман Кенгаши раиси Нурали Эшмуродов номзоди кўрсатилганди. Сафдошларимиз сайловолди компаниясини намунали ташкил қилди. Натижада, партия Қоровулбозор туман Кенгаши раиси Эшмуродов Нурали Ҳамро ўғли Қоровулбозор тумани Кенгашидаги 15-сонли «Ҳ.Олимжон» сайлов округидан бўшаб қолган депутатлик ўрнига бўлиб ўтган сайловда ғолиб чиқиб, депутат этиб сайланди.

Нурали Эшмуродов талабалик давридан партиямиз фаол ёшлари сафида тарғибот-ташвиқот ишларида фаоллик кўрсатиб келаётган илғор ёшлардан бири саналади. У 2016 йилда Бухоро муҳандислик-технология институти «Технологиялар ва жиҳозлар» йўналишини тамомлаб, Қоровулбозор саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси лавозимида фаолият бошлайди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай бизнинг ёш депутатимиз ўзининг ҳаракатчанлиги ва изланувчанлиги сабабли ушбу коллежнинг ишлаб чиқариш таълим устаси лавозимига кўтарилади. У ўзининг талабчанлиги, жонкуярлиги ва фаоллиги билан жамоаси орасида ҳурмат-эътибор қозонган.

Ташаббускор, иқтидорли бўлган ёш депутатимиз Н.Эшмуродов ҳамда Бухоро муҳандислик-технология институти профессор ўқитувчилари С.А.Ғайбуллаев ва С.Ф.Фозиловлар муаллифликлари остида иккита китоб «Нефть – газ қудуқларини ишлатиш» ва «Нефть ва газ қудуқларини бурғилаш технологияси» номлари билан дарсликлар чоп этилган. Ушбу дарсликлар Ўрта махсус касб-ҳунар таълимида Нефть ва газ йўналишида таҳсил олувчи талабалар учун мўлжалланган.

Изланувчанлиги ва тиришқоқлиги боис 2019 йилдан бошлаб Нурали Эшмуродов партия Қоровулбозор туман Кенгаши раиси сифатида фаолият олиб бормоқда. Шуни айтиш керакки, у ёш бўлишига қарамасдан партия туман Кенгаши раиси сифатида фаолиятини самарали ва тизимли йўлга қўя олди, шунингдек, партиянинг халқ орасида танилувчанлигини ошишида, кўплаб партия лойиҳалари доирасида тадбирлар, халқ билан доимий равишда мулоқотлар ўтказиб, сайловчиларнинг меҳрини қозонишга муваффақ бўлди. Хусусан, партиямиз лойиҳалари доирасида туман миқёсида тизимли ишларни ташкил қилиб, аъзолар сафини кенгайтиришга, партиянинг халқ орасида танилувчанлигини оширишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўша олди. Унинг ташаббуси билан фуқаролар томонидан билдирилган мурожаатлар ўз вақтида ечимини топиб келмоқда. Тумандаги имконияти чекланганлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож, оилалар ҳолидан доимий хабар олиб, уларни мунтазам равишда моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб келган.

Халқнинг дардига малҳам бўлганлиги, ҳамиша халқ орасида эканлиги сабабли ҳам депутатликка бўлган сайловда Н.Эшмуродов ғолиб чиқиб, халқ томонидан депутат этиб сайланди.

Халқ ишончи биз каби ёш депутатларга улкан масъулият юклайди, фуқаролар билан юзма-юз мулоқотни янада кучайтириб, уларни қийнаган муаммоларини ҳал этишда, уларнинг фаровон ҳаёти учун кўмаклашишда бор куч-ғайратимни сафарбар этиб, халқ билдирган ишончни оқлайман, - дейди Халқ депутатлари туман Кенгашига ўтказилган сайлов ғолиби Н.Эшмуродов.

Шу ўринда айтиш керакки, Нурали Эшмуродов халқнинг дардини эшита оладиган, муаммоларига ечим топа оладиган ҳамда ватанимиз равнақи йўлида ўзининг муносиб ҳиссасини қўша оладиган фаолият юритишига ишончимиз комил.

Мухтасар ЗОХИДОВА,

«Адолат» СДП Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+