Янгиликлар 1537
Халқ манфаатлари йўлида
Бугуннинг асосий талабларидан бири халққа яқин бўлиб фикр ва таклифларини эшитиш ҳамда муаммолари, дарду ташвишини ўрганиб, уларнинг мушкулига ечим топишдан иборатдир. Халқнинг муаммосини ўрганиб, уларга амалий ёрдам бериш учун жойларда тузилган депутатлик гуруҳларининг ўрни катта аҳамиятга эгадир. Бу борада Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам халқ манфаатларини рўёбга чиқариш, аҳолининг таклиф ва муаммоларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратмоқдалар.
Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сурхондарё вилоят Кенгашида сайловчилар билан яккама-якка мулоқот ўрнатиш мақсадида партия фаоллари ҳамда депутатларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, мазкур ишчи гуруҳлари томонидан жойлардаги МФЙлар, унинг ҳудудида жойлашган юридик ва жисмоний шахслар билан бевосита суҳбатлар уюштирилиб, қонунлар ижроси ва ислоҳотларнинг амал қилиш даражаси ўрганилмоқда.
Жумладан, партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида Термиз шаҳар “Нурли келажак” МФЙда сайловчилар билан яккама-якка мулоқотларда фуқаролар билан бевосита суҳбатлар уюштирилиб, қонунлар ижроси ва ислоҳотларнинг амал қилиш даражаси ўрганилди. МФЙ ҳудудида жойлашган 8 та хонадонга ташриф буюрилиб, 16 нафар фуқароларга кичик бизнес ва тадбиркорлик билан шуғулланиш, банклардан имтиёзли кредитлар олиб иссиқхоналар қуриш, паррандачилик, лимон ва ёнғоқ дарахтларини экиш орқали қўшимча даромадларга эга бўлиш юзасидан тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилди.
Фуқаролар билан бўлган мулоқот давомида “Нурли келажак” МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи Ашур Аннамуродов ногиронлик нафақасига чиқишда ёрдам сўраб мурожаат қилди. Ишчи гуруҳ аъзоси, Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати Зилола Эшанқулова томонидан фуқаро мурожаатига биноан фуқаро А.Аннамуродов хонадонига ВТЭК комиссияси аъзолари ташрифи ташкил этилиб, фуқаро мутахассислар ёрдамида тиббий кўрикдан ўтказилди ва ногиронликни белгилаш муаммоси ҳал этилди. Саъи ҳаракатлар натижаси ўлароқ фуқаро А.Аннамуродов ногиронлик группасига чиқарилди.
Шунингдек, Термиз туман Кенгаши фаоллари ва депутатларидан ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан тумандаги “Чорвадор” МФЙда сайловчилар билан мулоқот ўрнатилганда “Чорвадор” МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаро Ҳамид Чориев газ балон олишда мутасаддилардан кўмак сўради.
Халқ депутатлари Термиз туман Кенгаши депутати Бўри Хонов томонидан фуқаро Ҳ.Чориевнинг мурожаати юзасидан туман Газ таъминоти бўлими раҳбарига учрашиб фуқарога газ балони олишида амалий ёрдам берди.
Яна шунингдек, Ангор туман Кенгаши ишчи гуруҳи томонидан тумандаги “Новшаҳар” МФЙ фуқаролари билан олиб борилган суҳбатлар жараёнида худудда истиқомат қилувчи фуқаролар Х.Ғаффарова, Л.Хўжамбердиевалар “Ёшлар дафтари”га киритилишида ҳамда тадбиркорлик олиб бориш учун имтиёзли кредит олиш борасида ёрдам сўрашди. Фуқаролар мурожаатлари юзасидан Ангор туман Кенгаши депутати Юсуф Ҳалимов томонидан маҳалла раиси ва ҳокимият мутасадди вакилларига юзланиб, фуқаролар “Ёшлар дафтари”га киритилиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун имтиёзли кредитлар ажратилишида ёрдам кўрсатиладиган бўлди.
Шунингдек, “Галагузар” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Асқар Бердиев электр ўтказгич устунлари яроқсиз ҳолатда эканлиги бўйича ишчи гуруҳига ўз муаммоларини баён этди. Ишчи гуруҳи томонидан фуқаро Асқар Бердиевнинг мурожаати бўйича маҳалла раиси ва туман электр тармоқлари корхонаси раҳбарияти билан ўрганиб чиқилди. Фуқаронинг электр ўтказгич устунлари яроқсизлиги аниқланиб, янгисига алмаштириш режалаштирилди.
Ишчи гуруҳи ўрганишлари давом этади.
Гулшод Турсоатова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши
Фикрингизни қолдиринг