Янгиликлар 1169
Ўзимизни ўзгартирмагунча, тизимдаги ўзгаришлар ўзгармайди
Мана қарийб беш йилдирки, давлатимиз раҳбари томонидан “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида Ўзбекистон Республикаси Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхоналар фаолияти йўлга қўйилиб, халқимиз билан давлат органлари ўртасида кўприк вазифасини ўтаб келмоқда.
Ўтган йиллар давомида мазкур тизимда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тубдан янгиланиб, халқимизни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича ягона интеграллашган тизим орқали катта ислоҳотлар амалга оширилди десак муболаға бўлмайди.
Ўз навбатида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида нафақат Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхоналар, балки, давлат ҳокимияти органлари ҳамда нодавлат ва жамоат ташкилотларида ҳам ўз қабулхоналари ташкил этилганлиги ёки аҳолининг муаммолари билан ишлаш тизими янада такомиллаштирилиб, барча даражадаги секторларнинг уйма-уй юриб, муаммоларни ўрганиб, ечими бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширилаётганлиги, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар турини янада кенгаяётганлигини кўрсатади.
Бугун давлатимиз раҳбари томонидан халқимизни фаровон турмуш кечиришига, юртимизни ривожланишига қаратилган турли соҳаларга доир қарор ва фармонлар имзоланиб, кенг ҳаётга татбиқ этилмоқда. Барча даражадаги раҳбарлардан янгича қарашлар, янгича ислоҳотлар билан янги Ўзбекистонни барпо этишда фаолият юритиш талаб этилаётган бир вақтда айрим тизимларда эски Ўзбекистонни эскича қарашларида қотиб қолган раҳбарлар ҳалигача учраётганлиги халқимизнинг давлат раҳбарига бўлган ишончини сусайишига олиб қолмоқда.
Шу ўринда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан халқимизда бугунги кунидан розилик ҳисси уйғонган бўлсада, танганинг иккинчи томонига назар ташласак аҳолини қийнаётган масалалар ҳалигача бартараф этилмаганлигини кўришимиз мумкин.
Айтиб ўтиш лозимки, жойлардаги аксарият масалалар ҳудуднинг ўзида, айнан маҳаллаларда ҳал этиладиган мурожаатлар бўлишига қарамай, мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги сабабли аҳолининг қийнаётган муаммолар Республика даражасига кўтарилмоқда.
2021 йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларнинг статистик ҳолатига назар ташласак, жами 5 497 110 та мурожаатлар келиб тушганлиги, шундан 5 383 956 таси кўриб чиқилганлигини кўришимиз мумкин. Бу мурожаатларнинг 70 фоизидан ортиғи қанотлантирилган, қолган 20 фоизидан ортиғига эса тушунтиришлар берилган.
Шу ўринда бир савол туғилади. Хўш! Агар халқ қабулхоналари ташкил этилмаганда, эски тизим ва тизимнинг одамларни сарсон қилувчи механизми асл ҳолича ҳаракатланаверганда, аҳолининг дарди, ҳасрати ҳавода қолган бўлармиди? Ваҳоланки, ҳозир ҳам халқнинг ариза ва шикоятлари ўта қаноатланарли, қониқарли деб бўлмайди. Эски бюрократия, сансоларлик, отанга бор, онанга бор кўникмалари ҳалигача барҳам топмаган.
Халқимизда бола йиғламаса она кўкрак тутмайди деган нақл бор. Бугун халқимиз ўз муаммоларини Президентга ишонган ҳолда йўлламоқда. Аммо, уларнинг мурожаатлари ечимига келганда эски ҳаммом, эски тос қабулида ишлар амалга оширилмоқда.
Фуқаролар бу тизим орқали виртуал қабулхонага қилаётган мурожаатлари қайси секторга тушаётганлиги ва қанча муддатда ижро этилиши ҳақида хабардор. Аммо мурожаат тўғридан-тўғри фуқаронинг яшаш манзилидаги тегишли ижро органлари томонидан кўриб чиқилиб, аксарият ҳолатда мурожаатни ўрганишда мутасаддилар томонидан фуқаронинг иштирокисиз, фуқаронинг муаммони ҳал этиб бериш бўйича бот-бот ўзи мурожаат қилган, лекин ҳал этилмаган ташкилот томонидан ўрганилиб, хулоса бериш орқалигина кўриб чиқилаётганлиги, виртуал қабулхонага берилган маълумотларда эса фуқарога жавоб хати юборилганлиги кўрсатилиб, амалда фуқаро ҳатто қабул қилинган қарордан ёки хулосадан бехабар қолаётганлиги ёки мурожаатлар копток тўпидек тепиб юборилаётганлиги халқимизни давлат сиёсатига бўлган ишончини йўқотишига сабабчи бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир мурожаатнинг ортида инсон тақдири, унинг орзу-умидлари ётганлиги, ҳар бир мурожаатга индувидуал ёндашган ҳолда ҳал этиш ва аҳолининг розилигини топиш лозимлиги таъкидлансада, тизимлардаги айрим бўшлиқлар ёки айрим мутасаддиларнинг мурожаатларга енг ичида қараётганлиги ижтимоий тармоқларда халқимиз томонидан билдирилаётган муносабатларда кўзга ташланиб қолмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, бугун биз қанчалик тизимни ислоҳ қилишга уринмайлик агар ҳар бир мурожаатда инсон тақдири масаласи ётганлигини хис қилмас эканмиз, масъуллигимизни икки хисса оширмас, жойларда ҳар бир муаммони ҳал этиш ваколатига эга ташкилотлар ўз бурч ва мажбуриятларни тўлақонли англаб етмас экан, биз орзу қилган янги Ўзбекистонни қуришимиз мутафаккир адибимиз Абдулла Авлоний айтгандай, яна бир асрга кечикиши мумкин.
Дилноза МИРЗАМАХМУДОВА,
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати
бошқарма бошлиғи
Фикрингизни қолдиринг