Янгиликлар 1902
Халқ таълими вазирлиги диққатига!
Андижон: Сизнинг мактабингиз ҳам таъмирталабми?
Ҳаёт мактабдан бошланади. Ҳақ гап. Шундай экан, бу даргоҳга қанча эътибор қаратсак, ўқувчилар учун қанча шароит яратсак ҳам оздек туюлаверади. Давлатимиз томонидан бу масалага алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам бежиз эмас.
Бироқ барча таълим муассасаларида ҳам аҳвол талаб даражасида эмаслиги ҳам бор гап. Тизимга катта миқдорда маблағ ажратилаётган бир вақтда айрим мактабларнинг ёрдамга муҳтожлиги эса кишини ўйлантириб қўяди.
Ўзбекистон "Адолат" СДП Андижон вилоят кенгаши томонидан айни шу мақсадда жамоатчилик назорати йўлга қўйилди. Назорат жараёнида ютуқлар билан бирга "дод" солаётган илм масканлари ҳам борлиги аниқланди.
![](https://telegra.ph/file/87de05ca995b16bd38719.jpg)
Асака туманидаги 45-мактабда бир қарашда ўқувчилар учун барча шароитлар яратилгандек. Бироқ таълим муассасасида спорт зали, ошхона, кимё, физика ва биология фанларини ўқитиш учун лаборатория хоналари мавжуд эмаслигини қандай баҳолаш мумкин? Ахир бу ҳолда фарзандларимизни қандай қилиб комил инсон сифатида тарбиялаймиз?
![](https://telegra.ph/file/3de036b1d053583a37bd3.jpg)
Олтинкўл туманидаги 46-, Бўстон туманидаги 12-мактабларда ҳам шу ҳолат. Ўқувчилар учун спорт билан шуғулланиш, ўз саломатликларини мустаҳкамлаш орзулигича қолмоқда. Лаборатория хоналари бўлмагач, ўқитиш фақат назариядан иборат бўлиб қолмоқда.
Андижон туманидаги 30-мактаб биноси ҳам таъмирталаб, полини янгилаш лозим. Бунга туман раҳбарлари томошабин бўлиб турганига нима дейсиз?
Аксарият мактаблар учун хос муаммо — ўқувчиларнинг спорт билан шуғулланишига имконият йўқлиги. Болалар тўлов асосида спорт клубларига қатнашга мажбур бўлишмоқда. Бу оила иқтисодиётига зарар. Энг ачинарлиси, барча оилаларда ҳам бунга моддий маблағ топилмайди. Натижада бўлғуси спорт усталарининг иқтидори сўниб бормоқда.
Айтаверсак гап кўп. Бунга сиз нима дейсиз? Сизнинг мактабингиз ҳам таъмирталабми?
Малоҳатхон МУСАЕВА,
Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари
***
Қашқадарё: Тизимда қачон ўзгариш бўлади?
Мустақил мамлакатимизда таълим тизимини ҳар томонлама ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бу борада зарур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва тегишли қонунлар қабул қилинган, кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаяпти. Жондан азиз фарзандларимиз камол топаётган таълим муассасаларида ўқиш ва ўқитиш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Бироқ, афсуски, айрим ҳудудларда таълим-тарбия ўчоқларидаги бугунги аҳвол мутлақо талабга жавоб бермайди.
![](https://telegra.ph/file/d66a9b7c6bfa9609b6a5a.jpg)
Биз, партия фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, халқ таълими ходимлари ва тегишли идоралар мутасаддилари билан вилоятдаги 30 дан ортиқ мактаблардаги бугунги ҳолатни ўрганганимизда бунга яна бир бор амин бўлдик. Жумладан, Ғузор туманидаги 37-умумтаълим мактаби 1971 йилда ташкил топган бўлиб, 320 ўринга мўлжалланган. Ҳозир бу мактабда 562 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Бироқ, мутасаддиларнинг эътиборсизлиги туфайли ҳанузгача жорий таъмирланмаган. Синф хоналари бетон ётқизилгани туфайли қишда совуқ ва зах. Иситиш тизими ҳам бугунги талабга жавоб бермайди. Спорт зали таъмирталаб. Мактаб атрофи девор билан ўралмаган. Ҳожатхона нураб ётибди. Энг ачинарлиси, умумтаълим мактабида фаоллар зали, ўқитувчилар хонаси йўқ...
![](https://telegra.ph/file/2d09d76503a69872f5ad2.jpg)
![](https://telegra.ph/file/114f42fc5374dea75a2b0.jpg)
![](https://telegra.ph/file/5cdd60b24aa22c18dd348.jpg)
Партия фаоллари ва маҳаллий Кенгаш депутатларимиз ҳамда тегишли мутасадди идоралар вакиллари ҳамкорлигида ўрганишлар жараёнида Деҳқонобод туманидаги 7-, Нишон туманидаги 12-, Қарши туманидаги 48-, Миришкор туманидаги 5- ва Касби туманидаги 11- умумтаълим мактабларида ҳам аҳвол ачинарли эканлиги аниқланди.
Келажагимиз ворислари камол топаётган илм масканларидаги бу каби камчиликларни бартараф этиш юзасидан депутатлармиз тегишли идораларга депутатлик сўровлари юборишди.
Нодир Исомов,
Қашқадарё вилоят кенгаши мутахассиси
***
Сайхунобод ва Мирзаободнинг обод бўлмаган мактаблари
![](https://telegra.ph/file/e0b7897230747a7f56230.jpg)
Ўзбекистон «Адолат» СДП Сайхунобод туман кенгаши раиси Мамлакат Бердиева ташаббуси билан тумандаги мавжуд мактабларнинг аҳволи ўрганиб чиқилди. Натижада «Ўзбекистон» маҳалласида жойлашган 32-умумтаълим мактаби ҳақиқатдан аҳволи оғир мактаблар рўйхатида биринчи эканлиги аниқ бўлди. Яъни, 302 нафар ўқувчи таҳсил олаётган мактабда синфхоналар етишмайди. Мактаб билан мактабгача таълим ташкилоти бир бинода жойлашгани ҳам бунга исбот бўла олади. Ўқувчилар ўтириши учун мўлжалланган стуллар ҳам «отам замондан қолган» таърифига мос келади.
![](https://telegra.ph/file/aed88c5ae15d0e66c88ae.jpg)
Шунингдек партиянинг Мирзаобод туман кенгаши раиси Шерали Шойзоқов бошчилигида ҳам аҳволи оғир мактаблар бор-йўқлиги ўрганиб чиқилди. Жараёнда туманнинг 15-умумтаълим мактаби биносининг таъмирталаб аҳволи ишчи гуруҳ эътиборини тортди. Ўрганишлар натижасида кўплаб камчиликлар аниқланди. Жумладан, бинонинг ички ва ташқи қисмини пардозлаш, эшик ва дераза ромлари, яроқсиз ёғоч полларни алмаштириш, электр тизимини янгилаш, том қисмига тарновлар ўрнатиш ҳамда ички ҳожатхоналарни таъмирлаш ишлари ўз вақтини кутиб турибди. Бинога ичимлик суви қувурлари киритилмаганлиги, ёнғин хавфсизлиги ҳовузининг мавжуд эмаслиги ҳамда ҳудуд панжара тўсиқлар билан ўралмаганлиги муассаса техника хавфсизлиги талабларига ҳам жавоб бермаганлигини тасдиқлаб турибди.
Вилоят халқ таълими бошқармасидан олинган маълумотга кўра, бугунги кунда Сайхунобод туманидаги 33-мактаб, Ховос туманидаги 3-,26-мактаблар, Боёвут туманидаги 23-, 43-мактаблар ҳам аҳволи оғир мактаблар рўйхатига киритилган. Яъни ушбу ўқув масканларининг биноси таъмирталаб аҳволда, моддий-техник базасида камчиликлар мавжудлиги билан бир қаторда чекка ҳудудда жойлашганлиги сабабли малакали ҳамда инглиз тили фани ўқитувчиларига эҳтиёж бор.
![](https://telegra.ph/file/98aa3f873a1063d85aeae.jpg)
Ишчи гуруҳнинг баённомалари асосида шундай хулосага келинди. Ўқувчилар яхши шароитларда таҳсил олишга ҳақли. Мактабларнинг таъмирталаб аҳволи, нураган деворлар, синиб ётган парталар ёш авлоднинг руҳиятига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Чунки боланинг тасаввури, дунёқараши, жамият ҳақидаги тушунчаси айнан мактаб даврида шаклланади. Демак, бу борадаги камчиликларга зудлик билан ечим топиш лозим.
Махфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,
Сирдарё вилоят кенгаши матбуот котиби
***
Янгисини битказмай, эскисини бузганлар...
Наманган шаҳридаги 42-умумтаълим мактабининг 40 та синфида 1 минг 83 нафар ўқувчи ўқийди. Мазкур даргоҳдаги устоз-мураббийлар жамоаси эса 82 нафардан иборат.
Кўриниб турибдики, мактаб дарвозасидан бир кунда 1 минг 200 нафардан ошиқ киши кириб чиқади. Аммо... Шундай катта мактабда ҳожатхона йўқ. Эскисини “эскирди”, дея таг-туги билан бузиб ташлашган. Янгисини қуриб битказишга, ташкилотнинг чўнтаги кўтармаяптики, буни узоқ шарҳлаб ўтишдан наф йўқ. Лекин...
Мутахассисларнинг фикрича, амалдаги меъёрларга кўра, минг нафарлик жамоага кам деганда 16 та очкодан иборат ҳожатхона зарур. Жуда кўп мурожаатлардан кейин андак иш бошлангандек бўлди. Бироқ барибир хайрли иш охирига етмай қолди.
Бизнингча, бу ўринда ортиқча изоҳга хожат бўлмаса керак.
Ёрқиной ҲОЖИМАТОВА,
Наманган вилоят кенгаши раиси ўринбосари
![](https://telegra.ph/file/4dea03fb3e04b25abbdcc.jpg)
Ранг кўр, ҳол сўр...
Жумладан, партия Чимбой тумани кенгашидаги ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги 27-сонли умумтаълим мактабини ўрганди. Мазкур таълим маскани 1992 йилда қурилиб, фойдаланишга топширилган, 2009 йили ушбу ўқув муассасаси давлат томонидан қайта таъмирдан чиқарилган, шундай бўлса ҳам сўнгги йилларда таъмирталаб аҳволга келиб қолган.
Ўрганишлар жараёнида мактабнинг ахборот ресурс маркази, спорт зали, кийиниш хоналаридаги таъмирлаш ишлари талаб даражасида эмаслиги аниқланди. Бу эса, ўқитувчи ва ўқувчиларга таълим жараёнида ноқулайликларни келтириб чиқариши шубҳасиз.
Бундан ташқари, лаборатория хоналари техник жиҳозлар билан таъминланмаганлиги кузатилди. Мавжуд ускуналар ҳам яроқсиз ҳолатга келиб қолганлиги аниқланди.
Шунингдек, мактаб ҳожатхонаси умуман талабга жавоб бермайди, бу ерда гигиеник қоидаларга риоя қилинмаслиги аниқланди. Албатта, бу ачинарли ҳол.
Тахиатош туманидаги 21-сонли умумтаълим мактабидаги ачинарли аҳвол ҳам эътиборни тортади. Ушбу мактаб 2009 йили 140 ўринли этиб қайта қурилган. Бироқ ҳозирги кунда 192 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Бундан ташқари, мактабда маънавият хонаси, психолог хонаси ва ёшлар етакчиси хоналари мавжуд эмас. Педагог-кадрлар билан таъминланиш даражаси ўрганилганида кимё, физика ва чет тили фанларидан ўқитувчилар етишмаслиги аниқланди. Бу мактабда ҳам ахборот ресурс маркази, спорт зали, кийиниш хоналари ва ҳожатхона таъмирталаб аҳволда.
Ҳолат юзасидан ҳозирда ишчи гуруҳ вакиллари масъул ташкилотлар билан тегишли ишлар олиб бормоқда.
Бу ўрганишлар натижаси “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим- тарбия тизимидан бошланади” деган эзгу ғояга хизмат қилишига ишонамиз.
Келажак – ёшлар қўлида. Зеро, бугун ёш, навниҳол ўғил-қизларимизга берилаётган ҳар бир имконият, кичик эътибор ҳам уларнинг юксак марраларни забт этишига, ҳатто жаҳон миқёсида ўз сўзи ва овозини баралла айтишига омил бўлади.
Шундай экан, келажак эгалари бўлган ёшлар тақдирига бефарқ бўлмасдан, уларнинг таълим-тарбия олишларига замин яратиш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз керак.
Баҳадир ЖУЗБАЕВ,
Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси ўринбосари
Фикрингизни қолдиринг