«Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни»га бағишланган тадбир бўлиб ўтди

10.12.2022 13:12:16

БМТ маълумотларига кўра, 15 ёшдан ошган ҳар учинчи аёл ҳаёти давомида камида бир марта бўлса ҳам жисмоний ёки жинсий зўравонликка учрамоқда.

Бундай салбий ҳолатларни олдини олиш мақсадида, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан «25 ноябрь-Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни» сифатида эълон қилинган ҳамда мамлакатимизда Ҳукумат топшириғига асосан, 2022 йил 25 ноябрдан 10 декабргача «Зўравонликка қарши 16 кун» чора-тадбирлар режаси эълон қилинди.

Унга кўра, жорий йилнинг 9 декабрь санасида Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати мажлислар залида «Зўравонликка қарши 16 кун» лойиҳаси доирасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни яратишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тарғиботи ҳамда Халқаро Меҳнат ташкилотининг «Иш жойларида тазйиқ ва зўравонлик тўғрисида»ги 190-сонли конвенциянинг мазмун-моҳиятини фуқароларимизга атрофлича тушунтириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида тадбир бўлиб ўтди.

Унда партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари А.Раҳмонов, партия Марказий аппарати ходимлари, шунингдек, (ZOOM платформаси орқали) партиянинг ҳудудий Кенгаш раислари, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда гендер зўравонликнинг кўринишлари, яъни руҳий, жисмоний ва иқтисодий зўравонлик бўйича билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш, аёлларни ўз ҳақ-ҳуқуқлари бўйича етарли билимга эга бўлиши зарурлиги юзасидан сўз юритилди.

Шунингдек, муқаддас саналган оилада аёлга нисбатан қилинган зўравонликни юртимиз келажаги учун қилинган тажовуз сифатида баҳоланиши лозимлиги, хотин-қизларга нисбатан муносабатни янада яхшилаш, уларга нисбатан ҳурмат ва эҳтиромни янада мустаҳкамлаш ҳар биримиз учун ҳам фарз ҳам қарзлиги алоҳида таъкидланди.

Тадбир якунида иштирокчилар жараёнда олган билим ва кўникмаларини ўзи яшаётган ҳудудларида ва меҳнат жамоаларида атрофидагиларга атрофлича тушунтиришга, кенг тарғиб қилишга келишиб олдилар.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+