Халқаро конференция Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси давлатлари тараққиётига хизмат қилади

16.07.2021 18:07:24

Айни кунларда Тошкент шаҳрида Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги тарихан яқин ва дўстона алоқаларни, ишонч ва яхши қўшничиликни икки минтақа халқлари ва мамлакатлари манфаатлари йўлида мустаҳкамлашга асос бўлаётган, “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ташкил этилган халқаро конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари, бошқа хорижий давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари ва юқори даражадаги вакиллари, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, глобал молиявий институт ва компаниялар, етакчи илмий-тадқиқот ва таҳлилий марказларнинг раҳбарлари иштирок этмоқда.

Иштирокчилар томонидан кун тартибидаги минтақавий боғлиқликни янада мустаҳкамлаш доирасида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникацион ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар битта ялпи мажлис, учта секцион йиғилиш ва якуний қисм таркибида кўриб чиқилмоқда.

Умуман олганда сўнгги йилларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев саъй-ҳаракатлари билан икки минтақа давлатлари раҳбарлари ўртасида сиёсий мулоқот мустаҳкамланди. Марказий ва Жанубий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳатлашув учрашувлари йўлга қўйилди. Натижада минтақадаги икки ва кўп томонлама ҳамкорлик даражаси янги босқичга кўтарилди. Бугунги ташаббус эса бу борада бошланган ишларни янги босқичга олиб чиқиши билан янада аҳамиятлидир.

Хусусан, парагматик ташқи сиёсат ва дўстона муҳитнинг яратилиши орқали биргина Марказий Осиё мамлакатлари билан Ўзбекистоннинг савдо айланмаси сезиларли равишда йиллик ўртача 50 фоиздан кўпроққа ўсиб, 2020 йил натижаларига кўра эса, глобал пандемия шароитига қарамай Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмасининг умумий ҳажми 5 миллиард долларни ташкил этди.

Ўзбекистоннинг халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатидаги ўрни ва ролини ошириш, мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш борасидаги ташаббуслари нафақат Ўзбекистоннинг савдо ва иқтисодий салоҳияти ошишига, балки бутун бир минтақа давлатлари ривожланишига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган бундай ҳаётбағш ғоя ва ташаббуслар халқаро конференцияда иштирок этаётган сиёсатчилар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Хусусан иштирокчилар ушбу тадбир Марказий Осиё минтақасининг Жанубий Осиё билан ўзаро боғлиқлиги асосида янги ва замонавий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўзида мужассам этганлигини, ҳудудларда автомобиль ва темир йўллар, энергетика лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари юқори эканлигини қайт этишмоқда. Бу жараёнларда Ўзбекистон марказий ўринга эга эканлиги алоҳида эътироф этилмоқда.

Жумладан, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Тери Ҳакала ҳам Европа Иттифоқи Ўзбекистон Президентининг Тошкентда юқори даражадаги халқаро конференциясини ташкил этиш ташаббусини юксак қадрлашини, анжуман айни вақтида ташкил этилганини, чунки хавфсизлик, минтақавий ҳамкорлик ва ўзаро боғлиқлик, Авғонистондаги ва умуман минтақадаги мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда тўпланиб қолган масалалар барча учун муҳимлигини, бунда эса минтақавий мулоқот ҳар доим муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур конференция савдо, инвестициялар, транспорт, энергетика ва инновациялар, “яшил” технологиялар соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, кооперация бўйича аниқ лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, фан ва маданият соҳаларида шерикликни кенгайтириш, икки минтақа барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш юзасидан батафсил фикр алмашиш ва биргаликда таклифлар ишлаб чиқиш имконини беради. Ушбу ташаббусларнинг амалга оширилиши эса яқин келажакда икки минтақа давлатларининг иқтисодий-ижтимоий ривожланиб аҳоли турмуш даражаси ортишига хизмат қилади.

 

Махфират ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+