Халқимиз истаклари акс этган давлат дастури қабул қилинди

03.03.2020 18:03:37

Мамлакатимизда сўнгги йилларда жамият тараққиёти учун барча соҳаларда кўплаб халқчил ғоялар жорий этилмоқда. Жумладан, ҳар йили давлатимиз раҳбари томонидан Фармон орқали тасдиқланадиган давлат дастурини халқимиз муҳокамасига қўйиш орқали қабул қилиш амалиётининг жорий этилганлиги мамлакатимизда бир йил давомида амалга оширилиши зарур бўлган ишларга нисбатан халқимизнинг ишончини ошириш билан бирга халқимизда ўз келажагига нисбатан дахлдорлик ҳиссини ҳам оширмоқда.

Куни кеча давлатимиз раҳбарининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги Фармони имзоланди. “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид 284 та банддан иборат давлат дастури ҳам халқимиз муҳокамасига қўйилди. Мазкур давлат дастури лойиҳаси “Адолат” СДП сафидаги барча фаоллар томонидан ҳудудларда кенг муҳокамалардан ўтказилди. Юртошларимиз томонидан ҳам электрон муҳокамалар жараёнида ҳаётий таклифлар бериб борилди. Ўтган вақт давомида билдирилган таклифларнинг 3162 таси қабул қилинди.

Эътиборли томони давлат дастурида 2019 йилда бўлиб ўтган сайловлар жараёнидан Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан илгари сурилган ҳаётбаҳш ғояларнинг тўлақонли акс эганидир. Жумладан давлат дастурига қабул қилинган таклифларнинг кўпчилик қисми айнан партия томонидан кўтарилган давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ, иқтисодиёт ҳамда ижтимоий соҳалар ҳиссасига тўғри келади. Жумладан қабул қилинган 3162 та таклифнинг 765 таси давлат бошқарувининг очиқлик ва шаффофлиги билан боғлиқ. “Адолат” СДП ҳам ўз сайловолди дастурида давлат бошқаруви ва очиқлигини таъминлаш учун “Электрон ҳукумат” тизимига ўтиш таклифини илгари сурган эди. Шунингдек, қабул қилинган таклифларнинг 586 таси суд-ҳуқуқ соҳаси йўналишидаги қоғозбозлик ҳамда сарсонгарчиликларни бартараф этиш борасида билдирилган таклифлар. Партия ҳам ўз сайловолди дастурида инсонлар сарсон бўлишиининг олдини олиш ва суд фаолияти сифатини ошириш мақсадида амалдаги “Судлар тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш орқали фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича туман, шаҳар ва вилоят судлари негизида умумий юрисдикция судлари ташкил қилишни, уларга “халқ судлари” мақоми беришни, вилоят ва унга тенглаштирилган судларга назорат инстанцияси ваколатини юклаш таклифини билдирган эди.

Шунингдек, йиллар давомида аҳолимиз учун муаммо бўлиб келаётган “Пропискадан ўтиш” тизимига янгича ёндошиш, фуқароларимизнинг ўз хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, доимий яшаш жойини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминловчи ҳуқуқий асосни босқичма-босқич яратиш ғоясини илгари сурган эди. Мазкур муаммо ҳам давлат дастурида ўз аксини топиб жорий йил 1 апрелдан фуқароларимизнинг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан уй-жой сотиб олишларига қўйилган тақиқ бекор қилинди.

Давлат дастурининг 73 бандидаги “Фискал сиёсати самарадорлигини ошириш” ҳамда солиқ сиёсатига оид 82 банддаги “Яширин иқтисодиёт”нинг улушини қисқартириш, 80 бандда назарда тутилган Ахборот-коммуникация технологияларини модернизация қилиш орқали солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш каби ғоялар партия сайловолди дастурида ўз аксини топган.

Хулоса қилиб айтганда жорий “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ўзининг ҳаётийлиги билан муҳокамалар жараёнида халқимиз ва халқ вакилларининг эътрофига сазовар бўлди. Халқимиз томонидан жойлардаги асл ҳолатдаги муаммолардан келиб чиқиб берилган таклифлар эса унинг ҳаётийлигини тўлақонли таъминлаб берди. Эндиги вазифа барчамиз юрдошларимизнинг бугунги турмуш фаровонлигини ошириш учун қабул қилинган давлат дастурининг тўлақонли ижросини таъминлашда масъулиятни ҳис қилган ҳолда фаолият олиб боришимизда.

Улуғбек РАСУЛОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Марказий аппарати бўлим бошлиғи

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+