Янгиликлар 1409
Халқимиз тиббий хизматдан қачон рози бўлади?
Кейинги йилларда республикамизда тиббиёт соҳасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шахсан Президентимизнинг ўзлари соҳага ниҳоятда катта эътибор қаратяпти. Бундан кўзланган мақсад аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва тизимдаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш.
Эришилаётган ютуқлар хақида кўп гапириш мумкин. Соҳа ривожи учун давлат томонидан катта маблағ ажратилмоқда. Шифокорларнинг ўз касбига бўлган муносабати ва масъулияти пандемия сабаб синовдан ўтди. Бугун энг чекка ҳудудларда ҳам замон талаби даражасида хизмат кўрсатилаётгани қувонарли.
Бироқ ҳамон тизимда айрим камчиликлар кузатилаётганидан кўз юмиш қийин. Президентимиз бош инсон саломатлиги масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган бир вақтда атиги 13 фоиз аҳолини бу ўзгаришлардан хабардорлиги ачинарли. Шу йилнинг 18 май куни соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида эришилган натижалар қайд этилиши баробарида ана шу танқидий фикрлар очиқ-ойдин айтилгани бежиз эмас.
Давлатимиз раҳбари куйинчаклик билан соғлиқни сақлаш тизимига ҳар йили бир неча триллионлаб маблағ ажратилаётгани, халқаро кредитлар жалб қилингани ва ушбу ажратилаётган маблағлар самарасини халқимиз сезиши кераклигини алоҳида таъкидладилар. Бу жуда ўринли. Халқимиз ўзгаришларни сезиши ва яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиши лозим.
Шу ўринда бир масала. Айрим ҳолларда юқоридагиларга қарамай баъзи соҳа ходимлари ўз вазифасига масъулият билан ёндошмаётгани, ҳатто коррупцияга йўл қўйилаётгани хақида эшитамиз. Бу арзимасдек кўринсада республикамизда амалга оширилаётган катта ишларга соя солади. Шундай экан халқ саломатлигини ҳамма нарсадан устун қўйган ҳолда камчиликларга кескин чек қўйиш зарур. Зеро, тиббиётни янада такомиллаштирилишига хизмат қилувчи янги ислоҳотлар бошланди. Токи халқимиз тиббий хизматдан рози бўлсин.
Фатидин НАЖМИДДИНОВ,
халқ депутатлари Хонобод шаҳар кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг