“Халқлар дўстлиги куни” миллатлараро тотувликка ундайди

02.08.2021 12:08:56

 

Ўзбекистонда 30 июль санаси «Халқлар дўстлиги куни» этиб белгиланганлиги жамиятимизда халқлар ва давлатлар ўртасида ҳамжиҳатлик, миллатлараро тотувлик, конфессиялараро бағрикенгликни мустаҳкамлашга қаратилган. Бу умумдавлат ва умуммиллий мақсадларни амалга ошириш борасида мамлакатимиз жамиятининг барча вакиллари, барча партиялар ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятини сафарбар қилиши керак.

Ўзбекистон учун бу масала долзарб ва аҳамиятли, чунки мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, шунингдек, 16 диний конфессия вакиллари истиқомат қилади. Мамлакатда 148 миллий маданий марказ, Ўзбекистоннинг 35 хорижий давлат билан дўстлик жамиятлари ва барча конфессияларнинг диний ташкилотлари мавжуд.

2011 йил 3 майда БМТ Бош ассамблеяси томонидан 30 июль — “Халқаро дўстлик куни” деб эълон қилинган. Ушбу масала бўйича БМТ резолюциясида таъкидланишича, бу байрам халқаро миқёсда нишонланиши «халқлар, мамлакатлар, маданиятлар ва шахслар ўртасидаги дўстлик, тинчликни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни илҳомлантириши ва маданий хилма-хилликни ҳурмат қиладиган жамиятлар ўртасида кўприклар яратиш имкониятини яратиши мумкин». Ўзбекистонда мазкур сана “Халқлар дўстлиги куни” сифатида белгиланганлиги халқаро миқёсдаги масалаларни самарали ечишга хизмат қилади.

“Халқаро дўстлик куни”ни нишонлаш давлатлар аро дўстлик алоқаларини ривожлантириш, халқаро тинчликни, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, гегемонизм, шовинизм, агрессив миллатчилик, радикализм, экстремизм ва терроризмга қарши курашишга ҳизмат қилмоқда. “Халқаро дўстлик куни”га бағишлаб кўп мамлакатларда тегишли йўналишлардаги давлат муассасалари ва жамоатчилик ташкилотлари томонидан самарали фаолият олиб борилмоқда, ушбу масалалар бўйича кўп илмий ва таҳлилий тадқиқотлар, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий, илмий-амалий тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда ҳам “Халқаро дўстлик куни” ва  “Халқлар дўстлиги куни”га бағишлаб шундай фаолият ва тадбирлар юқори савияда амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқлар дўстлиги куни” муносабати билан байрам табригида таъкидланганидек: “бизнинг энг катта бойлигимиз – турли миллат ва конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликдир”.

Мамлакатимиз Конституциясида ва қонунлар тизимида Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари, миллати, тили ва динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга эканлиги белгиланган. Шу асосда уларга ўз тили, маданияти, анъана ва урф-одатларини сақлаб қолиш ва ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилган.

2021 март ойида 30 июль куни ҳар йили нишонланадиган "Халқлар дўстлиги куни" байрами сифатида тасдиқланган бўлса, 2021 йил 1 июнда "Халқлар дўстлиги" кўкрак нишони тасдиқланди. Бу нишон халқлар ва давлатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантиришга, миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро бағрикенглик таъминланишига салмоқли ҳисса қўшган шахслар ва ташкилотларнинг фаолиятларини юксак баҳолаш ва рағбатлантириш учун ҳизмат қилади.

Мамлакатимизда турли миллат ва конфессиялар вакиллари ягона ва аҳил оила бўлиб яшамоқда, улар барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилмоқда ва мамлакатимизнинг равнақи ва гуллаб-яшнашига ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. “Халқлар дўстлиги куни” байрами муносабати билан шундай ватандошларимизнинг бир гуруҳи давлат мукофотлари билан тақдирланди. Мукофотланганлар орасида “Адолат” социал-демократик партиясининг бир қатор аъзолари борлигидан хурсандмиз.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси, Сирдарё вилояти қирғиз миллий маданий маркази раиси Джанибекова Нодира Абдусаломовна ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси Компольшик Елена Александровна “Дўстлик” ордени билан мукофотланганлари барча партиядошларимиз қалбига фаҳр-ифтихор бағишлади.

“Халқлар дўстлиги куни” байрами ҳаммамизга муборак бўлсин!

 

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+