Халқни бирлаштириш – халқ вакилларининг иши

05.08.2020 10:08:29

“Кўпга келган тўй” – доно халқимизда ана шундай пурмаъно ибора бор. Албатта, бу гапнинг қачон дунёга келганини  ҳозир аниқлаш қийин. Лекин ҳар ҳолда унинг пайдо бўлганидан бери ўнлаб асрлар ўтган. Ана шу давр мобайнида сайёрамиз аҳолиси бошига турли хил бало-қазолар ёпирилганда шундай дейилган.

Бу иборанинг бошқа маъноси оғир, машаққатли ва синовли кунларда бутун эл бирлашиб, ҳаракат қилиши ва умумий хавфни бартараф этиши зарурлигини англатади. Ўйлашимча, бир неча ойдан бери Ер юзининг барча аҳолиси каби юртдошларимиз ҳам коронавирус пандемиясидан азият чекмоқдалар. Халқимиз ўз бошига оғир кунлар тушган шу лаҳзаларда бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилмоқда. Президент ва ҳукумат аъзоларидан тортиб, катта-кичик раҳбарлар, кенг жамоатчилик вакиллари қўлни-қўлга бериб, эл саломатлигини таъминлаш учун жиддий кураш олиб бормоқдалар. Айниқса, соғлиқни сақлаш ходимлари кўрсатаётган матонат ва жасорат намуналари ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Улар юксак масъулиятни ҳис этиб, ўз жонларини хатарга қўйиб бўлсада, кунни-тунга улаб, Гиппократ қасамёдига содиқликларини амалда исботламоқдалар.

Шу билан бирга кўринмас ёвга айланган ушбу хатарли хасталикни енгиш учун хали кўп иш қилишга тўғри келади. Чунки олиб борилаётган амалиётлар ва қўлланилаётган чора-тадбирларга қарамай, вазият жиддийлигича қолмоқда. Касалликка чалинганлар сони тобора ортиб, кўплаб хонадонларга катта ташвиш келтирмоқда.      

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев коронавирус билан боғлиқ вазиятга баҳо берар экан, юртимизда “COVID-19” инфекциясига чалинганлар ҳамда шу вирус сабабли вафот этганлар кундан кунга ўсиб бораётганлигини чуқур ташвиш билан таъкидлаб, “Ҳар биримиз ўзимиз, оиламиз, фарзандларимизнинг соғлиғи ва тақдири учун аввало ўзимиз масъул эканимизни чуқур англашимиз лозим”, дея яна бир бор халқимизга мурожаат қилди. Ҳеч сўзсиз, бу даъват халқ вакиллари бўлган биз депутатлар зиммасига ҳам улкан масъулият юкламоқда. Ҳар биримиз олдимизга қўйилган вазифаларни бажариш учун астойдил меҳнат қилишимиз талаб этилади. Энг аввало, ўзимиз сайланган ҳудудларда, қолаверса, иш жойларимизда, истиқомат қиладиган маҳаллаларимизда Президент мурожаатининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилишимиз лозим. Одамларга вазиятнинг ниҳоятда қалтис ва мураккаблигини тушунтиришимиз зарур. Хусусан, пандемия даврида ҳар бир киши шахсий гигиена қоидаларига ва белгиланган карантин чекловларига қатъий риоя қилишига эришиш талаб этилади. Ҳамма бу масаланинг ниҳоятда жиддийлигини англаб етиши зарур. Бунинг учун биз депутатлар шахсий намуна кўрсатсак, нур устига аъло нур бўлади.

Шу ўринда пандемияга қарши курашда бир дақиқани ҳам бой бермасдан ишлашимиз кераклигини таъкидламоқчиман. Чунки кейинги кунларда Наманган вилоятида ҳам коронавирус хасталигига чалиниш статистикаси ортиб бормоқда. Бунда айрим юртдошларимиз карантин чекловларига тўла амал қилмаётганликлари, ўзларининг ва яқинларининг соғлигига беписанд муносабатда бўлаётганликлари кўзга ташланмоқда. Айнан шу сабаб аҳоли ўртасида тарғибот ва назорат ишларини кучайтириш кераклигидан далолат бермоқда.

Аҳолини уйда қолишга, зарурат юзасидан кўчага чиққанда тиббий ниқоб тақишга, ижтимоий масофани сақлашга даъват этиш биз депутатларнинг энг асосий вазифасидир. Барчамиз баҳамжиҳат, фаол ҳаракат қилсак, бошимизга тушган машаққатли синовларни енгиб ўтишимизга шак-шубҳа йўқ. Ўзаро бирдамлик ва аҳилликни янада кучайтирсак, интизомни мустаҳкамласак мақсадга албатта эришамиз.

 

                                                                            Исроил ЖЎРАЕВ,

Халқ депутатлари Косонсой туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+