Халқни руҳлантирган чорлов

29.12.2020 17:12:28

Бугун барчанинг диққат маркази ва муҳокамасида бўлган асосий масала бу Президентнинг парламентга мурожаатномаси бўлди десак адашмаган бўламиз. Зеро мурожаатномада олдимизда турган энг асосий ва долзарб масалалар бўйича келгуси режалар илгари сурилди, уларни амалга ошириш бўйича қилинадиган ишлар белгилаб олинди.

Мурожаатномада камбағаллик билан кураш бўйича алоҳида режалар маълум қилинди. Яқин яқингача ҳеч бир минбарда гапирилмайдиган, тан олинмайдиган мамлакатдаги камбағaллик даражаси ўрганилиб, унга қарши кураш бошлангани инсонни қувонтиради.

Ҳақиқатан ҳам жамиятда аҳолининг маълум бир қисмининг моддий аҳволи яхши эмас. Бундай инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга кўмак бериш биринчи навбатда жамиятга, давлатнинг ўзига фойда келтиради. Шуларни инобатга олиб, Президент томонидан бу бўйича аниқ вазифалар белгиланиб, янги йилда иқтисодий ислоҳотларнинг пировард мақсади, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишдан иборат бўлиши алоҳида таъкидланди.

Бу ишларни амалга ошириш учун маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитадиган мингдан зиёд марказлар ташкил этилиб, уларда ўқиган ҳар бир шахс учун 1 миллион сўмгача субсидия берилиши, бунга бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилиши, ўқув курсларини тамомлаб, бизнесини бошлаётган фуқароларга ускуналар харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар ажратиш тизими йўлга қўйилиши, туманларнинг ихтисослашуви асосида деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратилиши белгиланганлигининг ўзиёқ бу ишлар жиддий эътибор марказида эканлигидан далолат беради.

Бундан ташқари эҳтиёжманд аҳоли бандлигини таъминлашга Бандликка кўмаклашиш ва Жамоат ишлари жамғармаларидан 500 миллиард сўм йўналтирилаётганлиги ҳамда 27 мингта эҳтиёжманд оиланинг ипотека кредити бўйича дастлабки бадалини тўлаш ва кредит фоизларини субсидиялаш учун 2,4 триллион сўм йўналтирилаётгани кишини хурсанд қилади, фуқароларда эртанги кунга бўлган ишонч ҳиссини янада оширади.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ўзининг Сайловолди дастурида аҳолининг турмуш даражасини янада ошириш, бу борада қилинадиган аниқ мақсадларини белгилаб олган. Бугунги мурожаатномада айнан партия Сайловолди дастурида илгари сурилган шундай ғояларнинг акс этиши партиямизнинг тўғри йўлдан кетаётганлигининг яна бир исботи бўлди.

Умид қиламизки, бу каби эзгу ишлар бардавом бўлиб, мамлакатимиз бунданда юксак марраларни забт этади.

 

Фазлиддин ЗИЯЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати

бўлим мудири

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+