Янгиликлар 1456
Ҳамдардлик билдирамиз
ТУРҒУН ИРГАШЕВИЧ ИРГАШЕВ
(25.05.1934- 26.12.2020)
Турғун Иргашевич Иргашев 1934 йил 25 май куни Тошкент вилояти Зангиота туманида деҳқон оиласида дунёга келди. Дунёга келтирган ота-оналари Эргаш ота ва Махсума оналар орзиқиб кутган фарзандларига катта умидлар билан Турғун деб исм қўйдилар ва узов-умр кўрувчи, ҳаёт сўқмоқларида толмас, чидамли бўлиб ўсиши учун маъсулият билан тарбиялашга киришдилар.
Унинг биринчи чўққилари мактабда аъло ўқиш, олий таълим юртида билим олишда ўз имкониятларини тўлиқ намоён этиб, тенгқурлари орасида имтиёзларга эришди. Ёш бўлишига қарамай, мамлакат миқёсидаги саноат корхоналаридан бири бўлган шиша ишлаб чиқарувчи заводида, асбобсозлик саноатининг етакчи корхоналаридан бири стратегик аҳамиятга эга бўлган абразив комбинатини кўп йиллар давомида бошқарди.
Турғун Иргашевичнинг ташкилотчилик қобилияти, янгиликка интилиши, давр талабини тўғри ҳис этиш жиҳатларини сезган Республика раҳбарияти у кишини Халқ депутатлари Яккасарой (Фрунзе) тумани Ижроия қўмитаси раиси, Ўзбекистон Компартияси Миробод (Хамза) ва Мирзо-Улуғбек (Куйбишев) туманларипартия ташкилотининг етакчилиги(I-котиби)га тавсия қилдилар.
Мазкур маъсулиятли даргоҳларда намунали фаолият кўрсатишида ажойиб устозлари биринчи навбатда оталари Эргаш ота, Республика раҳабари Шароф Рашидов ва бошқа давлат намоёндаларининг яқиндан кўрсатган маслаҳатлари ва ёрдами беқиёс бўлганлигини таъкидлаш мумкин.
Республикамиз миқёсида қурилиш кўламининг янада юқори поғонага кўтарилишида Т.Иргашевнинг Республика қурилиш саноати материаллари вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб, Республикамизга етказиб берилган ва кўплаб қурилиш материаллари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган.
1988 йили тузилган Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси тизимларига Турғун Иргашевич номзоди танланиб, бу соҳада билими, талабчанлиги ва бой ҳаёт тажрибаси билан барча вилоят аҳолиси эътироф этган фаолияти кўзга ташланди.
Турғун Иргашевич раҳбарлик ва ташкилотчилик фаолияти билан бир қаторда ижтимоий сиёсий ва жамоатчилик ишларида ҳам фаол иштирок этиб, “Адолат” социал-демократик партиясининг Тошкент вилояти Кенгашининг I-котиби вазифасини ҳам бажара бориб, унинг сафларини кенгайиши ва ҳалқ орасига чуқур кириб боришида фаоллик кўрсатди.
Жамият тараққиётини белгилашда ҳар бир соҳа раҳбарининг интилиши, иқтидори, узоқни кўра билиши, қўшган фидокорона меҳнати халқ томонидан эъзозланиниши, жамият томонидан эътироф этилиб, Т.Иргашев икки марта “Меҳнат Қизил байроғи” ордени, “Ҳурмат белгиси” ордени, Республика Олий Советининг 7 марта фахрий ёрлиғи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фахрий ёрлиғи, “Шуҳрат” медали билан мукофотланди.
Турғун Иргашевич Иргашевнинг раҳбарлик, ташкилотчилик фаолияти, ижтимоий-сиёсий ва жамоатчилик ишларидаги фаоллиги унинг шогирдлари ва дўстлари қалбида ҳамиша яшайди.
Марҳумнинг оҳирати обод бўлишини тилаб, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Фахрийлар Кенгаши
Фикрингизни қолдиринг