Янгиликлар 2090
Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда
Ўзбекистон “Адолат” СДП Чуст туман кенгаши қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда самарали иш олиб бормоқда. Улар орасида Ёшлар иттифоқинмнг маҳаллий бўлинмаси, халқ таълими бўлими, тиббиёт бирлашмаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ва бошқалар бор. Биргаликда ўтказилаётган тадбирлар ўзининг таъсирчанлиги, иштирокчилар кўплиги билан ажралиб туради.
Бунга яқинда "Баркамол авлод" болалар мактабида ташкил этилган инновацион технологияларни ривожлантиришга асосланган кўргазмали танлов мисол бўла олади. Тадбирни ўтказишда Ёшлар иттифоқи туман бўлими ҳамда Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилотининг ўқув-спорт-техника клуби ёрдам кўрсатдилар. Иштирокчилар эса умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчиларидан иборат эди.
– Айнан шу мавзуга мурожаат қилганимиз бежиз эмас, - дейди “Адолат” СДП Чуст туман кенгаши раиси Беҳзод Сиддиқов. – Бугунги кунда инновацияларга эҳтиёж ва қизиқиш ҳамма соҳада тобора ортиб бормоқда. Улар ҳар бир инсон ҳаётига кириб бориши ва илм-фан ютуқларини одамлар ҳис қилишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, инновацион фикрлайдиган янги авлодни шакллантириш юзасидан иш олиб бориш даркор.
Шу ўринда давлатимиз раҳбари олға сурган ташаббус негизида Чустни инновациялар ривжланган ҳудудга айлантиришга қарор қилинганлигини айтиб ўтиш лозим. Туман ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ўзига яраша ва тез ўсиб бораётган салоҳиятга эга. Ҳозиргача Инновацион ривожланиш вазирлиги маҳаллий ҳокимлик билан ҳамкорликда уни инновацион ҳудудга айлантириш бўйича таклифлар ва уларни амалга ошириш бўйича тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Унда кўзда тутилган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳам бошланган.
Энди бевосита танловга қайтадиган бўлсак, унда ўқувчилар ўзларининг инновацион технологиялар соҳасидаги билимлари ва амалий кўникмаларини намойиш этдилар. Айниқса, "Авиасозлик ва ракетасозлик" , “Робототехника” ва "Автомодель" йўналишлари бўйича баҳслар қизғин ўтди. 3-мактабнинг 6- синф ўқувчиси Отабек Обидов, 74-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Озодбек Ҳабибжонов, 9-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Лазизбек Носиржонов ясаган қўлбола техника воситалари энг яхшилар қаторидан жой олди.
Тадбир якунида ғолиблар ҳамкор ташкилотларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг