Янгиликлар 1192
Ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Жорий йилнинг 23 декабрь куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Республика маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Мазкур ҳамкорлик меморандуми Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги "Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ҳамда 2021 йил 6 октябрдаги "Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш борасидаги ишларни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги" 625-сонли Қарорлари ижросини таъминлаш ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини ошириш, оилавий зўравонлик муаммоларини таҳлил қилиш ҳамда ушбу муаммоларнинг долзарблиги, хусусиятлари, сабаб ва оқибатлари, зўравонликнинг олдини олиш борасида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида имзоланди.
Ушбу тадбирда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган 5 та сиёсий партияларнинг фаоллари, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Маруфова Гулнора Махмудовна ва вазирлик ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Республика маркази, Маҳалла ва оила тадқиқот институти ҳамда Психологлар Ассоциациясидан қатор масъуллар иштирок этишди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Маруфова Гулнора Махмудовна соҳада амалга оширилаётган амалий ишлар ва келажакдаги режаларга тўхталиб, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш борасидаги эришилган ютуқ ва тажрибалар юзасидан маълумот бериб ўтди.
Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Гулрух Агзамова ҳукуматимиз томонидан сўнги вақтларда жамиятимизда аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликни олдини олишга қаратилган қатор чора тадбирларнинг самарасини юқори баҳолаб, бу борада “Адолат” СДП томонидан қилинаётган амалий ишларга тўхталди ҳамда йиғилганларга соҳада юзага келаётган муаммоларга жиддий сабаб бўлаётган бир қатор омиллар ва уларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан таклифларини билдирди.
Тадбир якунида иштирокчилар билан соҳада амалга оширилиши режалаштирилаётган қатор масалалар бўйича фаол ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишиб олинди.
Фикрингизни қолдиринг