Ҳар бир харакат – одамларни рози қилиш учун

09.07.2021 14:07:00

“Адолат” СДП Қуйи Чирчиқ  тумани Кенгаши ташаббуси билан  партиянинг “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида Қуйи Чирчиқ тумани кўп тармоқли  тиббиёт бирлашмаси ходимлари билан учрашув ўтказилди.

Учрашув Президентимиз фармони билан 2021 йил 4 мартдаги “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”, шунингдек, 2021 йил 25 майдаги  “Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, сифатли дори-дармон билан таъминлаш борасидаги ислоҳотларга  алоҳида  аҳамият қаратилди.

Тадбирда сўнгги  йилларда Президентнинг соҳага оид 100 га яқин фармон, қарор ва фармойиши, Вазирлар Маҳкамасининг 170 дан зиёд қарор ва фармойишлар, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, жойларда тиббиёт соҳасидаги вазиятни ўзгартириш ишлари талаб даражасида олиб борилмаётгани таъкидланди. Буни аҳолидан Халқ қабулхоналари ва Президентнинг виртуал қабулхонасига келиб тушаётган кўплаб ариза ва шикоятлар тасдиқлаб тураётганлиги баён этилди.

Давра суҳбатида сўзга чиққанлар оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш, бирламчи тиббиёт тизимини янада яхшилаш, аҳолини сифатли ва арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш борасидаги ҳал этилиши лозим бўлган долзарб масалалар юзасидан фикр алмашишди. Қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, патронаж хизмати, тез тиббий ёрдам тизимининг фаолиятига доир фикр-мулоҳазаларини баён этишди. 

–Бугун муҳокама этилган масалаларнинг аҳамияти шундаки, барчамизни ўйлантираётган, халқимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган долзарб масалалар, олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг таҳлилига бағишланди, – дейди  тиббиёт бирлашмаси раҳбари, Нусратилла Халиқов. – Халқимизнинг саломатлик кўрсаткичларида ишимиз самараси кўринмоқда. Фаолиятимизнинг  асл баҳосини халқимиз бериши керак. Олиб бораётган ишларимиз – жамиятнинг ойдин кўзгуси бўлади. Токи халқимиз тиббий хизматдан, соғлиқни сақлаш тизимидан рози бўлмас экан, бу борада бир дақиқа ҳам тиним билмаслигимиз лозим.

Тадбир сўнгида 10 нафар тиббиёт ходими партия аъзолигига қабул қилинди ҳамда партиянинг аъзолик гувоҳномалари тайёрланиб уларга топширилди.

 

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+