Ҳар бир қайнона эътирофга сазовор

27.08.2021 16:08:28

“Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши томонидан “Адолатли қайнона” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Жиззах шаҳридаги “Сайилжой” академик лицейида бўлиб ўтган мазкур кўрик-танловда партиянинг вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари ходимлари, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ходими, Халқ депутатлари Жиззах вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, “Аёллар қаноти” вилоят Кенгаши аъзолари, партия фаоллари ҳамда маҳаллалардаги ёши улуғ онахонлар иштирок этишди.

Тадбирни очиб бериш учун партиянинг вилоят Кенгаши раиси О.Шукуров сўзга чиқиб, танловнинг асосий мақсади – фаол аёлларни қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлаш, ажралишларнинг олдини олиш, шунингдек, жамият ривожи, халқ фаровонлиги ҳамда оила барқарорлиги йўлида жонбозлик кўрсатаётган қайноналар тажрибасини оммалаштиришдан иборат эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шу каби мақсадларни инобатга олиб ташкиллаштирилган “Адолатли қайнона” кўрик-танловининг Жиззах вилояти босқичи ҳам кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.

Кўрик-танловнинг шаҳар ва туман босқичида ғолибликни қўлга киритган энг фаол, билимли ва зукко, партиямизга хайрихоҳ аёллар ҳаёт тажрибаси, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда партия тизимида олиб борилаётган ишлар борасидаги билимларини яна бир бор синовдан ўтказишди. Иштирокчиларнинг ҳар бир шарт бўйича чиқишларини партия фаоллари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари ҳамда жамоат ташкилотлари ходимларидан ташкил топган ҳакамлар ҳайъати муносиб баҳолаб борди.

Вилоятимизнинг барча туманларидан ташриф буюрган иштирокчилар пухта тайёргарлик билан келганликлари яққол намоён бўлди. Тадбир давомида адолатли қайноналар томонидан оилаларнинг ажралишларига сабаб бўлаётган ҳолатларни саҳна кўриниши орқали намойиш этдилар. Шу билан биргаликда онахонлар томонидан куйланган куй-қўшиқлар, лапар ва аллалар томошабинларга хуш кайфият бағишлади.

Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларни баҳолашда фарзанд тарбияси, Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси, партия фаолиятига доир билими ва дунёқарашига, оила ва маҳалла муносабатлари билан боғлиқ миллий анъаналарни, ёшларнинг маънавияти, маданияти ва маърифатини янада юксалтириш орқали оилаларда баркамол авлодни улғайтиришдаги ибратли тажрибасига ҳам эътибор қаратишди.

Танлов якунида Зафаробод туманидан ташриф буюрган Муҳаммадиева Бувинисо она учинчи, Арнасой туманидан ташриф буюрган Абдураҳимова Меҳрибон она иккинчи ҳамда Шароф Рашидов туманидан ташриф буюрган Азизова Орзугул она эса фахрли биринчи ўринни эгаллашди.

– Танловга катта қизиқиш билан тайёргарлик кўрдим, — дейди биринчи ўринни қўлга киритган Азизова Орзугул она. – Бу жараёнда Конституциямизни, “Адолат” социал-демократик партиясининг Низом ва дастурларини ўқиб-ўрганишга, яхши ўзлаштиришга ҳаракат қилдим. Бундай тадбирлар аёлларнинг жамиятдаги ролини оширишга ва янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Кўрик-танлов ғолиби ҳамда иштирокчилари партиянинг махсус диплом, ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Шахноза СОАТОВА,

“Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

бош мутахассиси

 

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+