Янгиликлар 2701
Ҳар бир қонун ҳужжати инсон манфаатларига хизмат қилиши шарт
Маълумки, ҳар қандай давлатда қонун устуворлиги ва қонунларнинг жойлардаги сўзсиз ижросини таъминишида муҳим ҳал қилувчи омилллардан бири қонунлар ижодкорлиги фаолиятини тизимли ва сифатли ташкил қилинишидир.
Бу борада ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини, жумладан норма ижодкорлиги фаолиятини сифатли ташкил этиш, изчил ва бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, фуқароларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш борасида ўз ечимини кутиб турган бир қатор муаммолар мавжуд.
Хусусан, норма ижодкорлиги соҳасида давлат органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳуқуқий тартибга солишнинг чегаралари аниқ белгиланмаганлиги, фуқаролар, юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш ёҳуд уларни муайян ҳуқуқни қўлга киритиш, шу жумладан, маъмурий тартиб-таомилларни белгилашда ваколатли давлат органларининг ҳуқуқ ва ваколатларини аниқ меъёри мавжуд эмаслиги, бу каби муносабатларда фуқаро, юридик шахсларнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатга киришишида манфаатлар тўқнашувини келиб чиқишига сабаб бўлаётган эди.
Юқорида қайд этилган муаммоларнинг ечимини топишга йўналтирилган Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 19 май куни “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга имзо чекилди.
Мазкур Фармон билан бу борадаги фаолият юзасидан Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширувчи ваколатли давлат органини белгилаш билан бирга қаторда, юқорида қайд этилган муаммоларни ҳал қилишга қаратилган аниқ комплекс чора-тадбирлар белгилаб берилди ҳамда қонун ижодкорлиги соҳаси бўйича бир қатор янги амалиёт ҳам жорий этилмоқда.
Хусусан, Фармон билан давлат органлари учун қонун ҳужжатларини қабул қилиш борасида бир қатор чекловлар ўрнатилди. Масалан, жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан жавобгарлик белгиловчи ҳуқуқий нормаларнинг фақатгина қонунлар билан ўрнатилишини белгиланиши, эндиликда қонун ҳужжатларини қабул қилувчи ҳар қандай давлат органи эмас, балки Парламент томонидан қабул қилинадиган қонун билан белгиланади.
Шунингдек, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга жисмоний ва юридик шахслар учун қўшимча тўлов ва йиғимларни белгиловчи, ортиқча маъмурий ва бошқа чеклашларни назарда тутувчи, уларга асосланмаган харажатлар юзага келишига олиб келувчи, рухсат бериш хусусиятига эга бўлган ҳуқуқий нормаларни киритишга йўл қўймаслик белгиланиши эса фуқароларимиздан асоссиз равишда ортиқча ҳақ, тўловларни ундиришга чек қўйиши билан бирга бу борада келиб чиқадиган низоларни олдини олишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, Фармон билан техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ҳуқуқий нормалар киритишга йўл қўймаслиги белгиланди. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни адлия вазирлигида мажбурий тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ҳамда ижобий хулоса олингандан сўнг ҳисобга олиниши ва кучга кириш тартибини амалиётга жорий этиш белгиланиб, бу билан техник талабларни белгиловчи ҳужжатларни амалиётда қўллашда юзага келадиган тушунмовчиликларни олди олинади.
Яъни, айрим давлат органлари томонидан қурилиш ёки бошқа соҳага оид техник талаблар акс этган нормаларни ўзлари хоҳлаганича ёки ҳуқуқий асослантирилмаган ҳолда белгиланиши оқибатида бу талабларни аксариятини бажариш имконияти бўлмаганлиги сабабли фуқаролар ва ташкилотлар томонидан қурилиш ёки бошқа фаолиятини амалга ошириш учун мансабдор шахсга билан “келишиш”га ҳаракат қилинган. Эндиликда бу каби салбий амалиётга чек қўйилади.
Албатта, биз депутаталар томонидан Фармонда белгиланган барча вазифаларни ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш борасида тегишли назорат ўрнатилиши ва қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш борасида масъул давлат идоралари билан бирга барча зарур чора-тадбирлар қўрилади.
Зеро, ҳар бир қонун ҳужжати негизида инсон манфаатлари бўлиб, сифатли ва халқчил қонунлар қабул қилиниши, шунингдек, қонун ижодкорлиги тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқилиши энг аввало мамлакатимизни халқаро рейтинг ва индексларда янада юқорида ўринларига чиқишига ҳамда қонун ижодкорлари нисбатан халқимиз ишончининг ортишига хизмат қилади.
Дилмурод ИСМАИЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Фикрингизни қолдиринг