Ҳар бир таклиф, муносабат аҳамиятли

18.01.2022 15:01:12

Аҳоли манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳаёт тарзини яхшилаш, хизмат кўрсатиш сифатини оширишда албатта, уларнинг фикрлари билан ўртоқлашиш ва таклифларига таяниш жуда самарали усул саналади.

Келгуси 5 йилликда мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларига замон нафаси ва янгиланишлар ҳароратини баҳш этувчи “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳаси кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, Тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”да мамлакатимизни ривожлантиришнинг 7 та устувор йўналиши доирасида 100 га яқин пухта ишланган, аниқ мақсадларга эришиш назарда тутилмоқда.

Қайси соҳада фаолият юритишидан қатъий назар кўплаб юртдошларимиз, оддий фуқародан тортиб давлат ва жамият арбоблари, олимлар, илм-фан вакиллари, ёшлар ўзларининг таклифларини билдириб, Тараққиёт стратегиясининг янада пишиқ-пухта бўлишида, шунингдек, унда халқимизнинг хоҳиш-иродаси тўла қамраб олинишига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Тараққиёт стратегияси лойиҳасида репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш назарда тутилмоқда. Бу борада 46 та туманлараро перинатал марказларни ташкил этиш, уларни кадрлар, зарур тиббий техника ва буюмлар билан таъминлаш назарда тутилган.

Шу ўринда Перинатал марказларда фаолият юритаётган шифокорлар ва тиббиёт ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашда кўрсатиладиган тиббий хизмат тури, мураккаблиги ва эришилган натижаларни ҳисобга олиш масаласини ҳам йўл харитасида қайд этиб ўтиш мақсадга мувофиқ.

Бугунги кунда барча соҳаларда бўлгани каби тиббиёт соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, соҳани рақамлаштириш ва ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш борасидаги ишлар изчиллик билан олиб борилмоқда. Шунингдек ҳудудлардаги мавжуд ҳолатлардан келиб чиқиб, ушбу йўналишда фаолият олиб борадиган мутахассисларни тайёрлаш, хусусан, перинатал ва скрининг марказларида уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.

Бунинг учун, жамоат саломатлиги техникумлари қошида IT оператор – ҳамшираларини тайёрлаш курси ёки йўналишини ташкил этиш таклиф этилмоқда.

Яна бир масала, қўмитамизга ҳудудларда ўрганишлар давомида фуқаролар томонидан нафақат илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга балки турли ташкилотларда, жумладан, тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган илмий даражага эга малакали ходимларнинг ҳам лавозим маошларига қўшимча устама тўлаш амалиётини жорий этиш бўйича таклифлар келиб тушмоқда.

Ҳар бир таклиф, муносабат аҳамиятли. Энг муҳими уларда соҳаларда киритилиши лозим бўлган ўзгаришлар, мавжуд муаммоларга ечим тилга олинади. Қолаверса, фуқароларда даҳлдорлик ҳиссини ошириб, ўз келажаги учун замин яратиш имконини беради.

 

Манзура САЛИМОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг
Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+