Янгиликлар 1180
Ҳар бир вилоятга 100 миллион сўм...
Мамлакатимизда спорт соҳасига қаратилаётган эътибор мана бир неча йиллардирки давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Шу нуқтайи назардан жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Мазкур ислоҳотларни янада ривожлантириш, аҳоли саломатлигини сақлашга доир чора-тадбирларни кун тартибимизнинг энг муҳим масалаларидан бирига айлантириш мақсадида, жорий йилнинг 10 апрелидан бошлаб, маҳалла, туман, вилоят ва республика босқичларидан иборат оммавий спорт тадбирлари ўтказилади. Уларни ташкил этиш учун “Ёшлар дафтари” жамғармасидан ҳар бир вилоятга 100 миллион сўмгача, ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш учун 1 миллиард сўмгача маблағ ажратилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 1 апрель куни бўлиб ўтган ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича йиғилишда маълум қилди.
Қолаверса, спортни ривожлантириш вазирлиги маҳаллалардаги ёшлар етакчилари билан бирга йил давомида 6 миллион нафар ўғил-қизларни оммавий спорт тадбирларига қамраб олиши керак. Бунинг учун 10 апрелдан бошлаб, маҳалла, туман, вилоят ва республика босқичларидан иборат оммавий спорт тадбирлари ўтказилади. Уларни ташкил этиш учун “Ёшлар дафтари” жамғармасидан ҳар бир вилоятга 100 миллион сўмгача, ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш учун 1 миллиард сўмгача маблағ ажратилади. Энг яхши натижа кўрсатган ёшлар туман ва шаҳар, вилоят ҳамда миллий терма жамоалар таркибига саралаб олинади.
Шунингдек оммавий спорт тадбирларида ёшларнинг иштироки бўйича маҳаллалар рейтингини ишлаб чиқиш, “қониқарсиз” деб топилган жойларга таниқли мураббий ва спортчиларни бириктириб, спортни ривожлантириш масалаларига алоҳида ёндашув асосида иш олиб боришни йўлга қўйиш зарур.
Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган ҳар бир қарор ва фармонлар жамиятнинг барча нуқталарини қамраб олаётгани билан аҳамиятлидир. Ёшлар орасида спортни янада оммалаштириш мақсадида ажратилаётган маблағларни ўз ўрнида ва ўз мақсад ва вазифалари йўлида тўғри сарфлашни ташкиллаштириш мазкур вазифага масъул мутасаддиларимиз елкасидаги ғоятда шарафли ва масъулиятли вазифадир.
Зотан, соғ танда соғлом ақл. Тан сиҳатлик бор жойдагина тинчлик, хотиржамлик барқарор бўлади. Спорт нафақат инсон организмини, шу билан бир қаторда иродаси, матонатини ҳам чиниқтирувчи энг муҳим воситалардан биридир.
“Адолат”СДП Кенгаши жамиятимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга хизмат қиладиган, ёшларни ҳамжиҳатлик ва бирдамлик каби эзгу мақсадлар атрофида бирлаштиришга қаратилган бу каби чора-тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Зотан ёшлар саломатлигини мустаҳкамлашни йўлида қўйилган ҳар қандай қадам давлатимиз, жамиятимиз ва халқимизнинг нафақат бугунига, балки эртанги ёрқин истиқболига ҳам бевосита дахлдордир.
“Адолат” СДП Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг