Янгиликлар 1573
Ҳар қандай талабага талаб битта – унинг билими
Ҳар қандай ривожланаётган давлат ва жамият тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучи – соғлом, баркамол, ақлий салоҳияти баланд, дунёқараши кенг, креатив фикрловчи ёшлардир.
Мамлакатимизда учинчи Ренесанс пойдеворини барпо этишдек улуғвор мақсадни рўёбга чиқариш ҳам ёшларимиз зиммасига залворли вазифаларни юкламоқда. Мамлакатимизда таълим-тарбияни ривожлантириш, илм-фан ва инновацияларни такомиллаштириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш масаласи тадрижийлик тамойили асосида амалга оширилаётган бир паллада биз таълим-тарбия бераётган талаба-ёшлар замон талаб этаётган мезонларга жавоб беряптими?
Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб, ахборотни эгаллаш, тарқатиш, унга одамларни кўпроқ эргаштириш жараёни кучаяётган, турли «изм» ва таҳдидлар орқали ёшлар руҳиятини эгаллашга бўлган интилиш зўрайиб, турли ижтимоий тармоқларнинг «хўжайин»лиги авжига чиқаётган маҳаллада фарзандларимизни бу балолардан қандай асраяпмиз? Уларнинг бундай иллатларга қарши иммунитетини қай йўсинда (механизм, услуб, метод в.х.) оширмоқчимиз? Афсуски, бу тахлит саволларга аниқ-тиниқ жавобимиз мукаммал эмас, менимча.
Орзу армонга айланмасин
Сиз келажакда ким бўлмоқчисиз? Қайси соҳани эгалламоқчисиз? Болалигимизда мактаб остонасига илк қадам қўйганимизда биринчи ўқитувчимиз шу саволларни ҳар биримизга берганда, болаларча дунёқарашимиз билан турлича жавобларни берганмиз. Ҳатто тенгқурларимиз орасида мен фазогир, учувчи бўламан деганлари ҳам бўлган. Аммо кейинчалик бу орзулар армонлигича қолиб кетди. Мактабни битираётган чоғимизда ким бўлишимизни, қайси соҳани эгаллашимизни билмасдан бошимиз гангиб қолган. Нега? Сабаб болаликдаги ўша мақсад ёки ўша орзуларга йўналтирувчи мотивация берилмаган. Хўш, бунга ким айбдор? Сабаблари турлича. Бугун ёшларнинг энг катта муаммоси ҳам шунда, яъни, болаликдан қатъий мақсаднинг шаклланмаганидир. Кузатишларим давомида шунга амин бўлдимки, қобилиятсиз инсон бўлмайди. Ҳар бир инсонда қайсидир соҳага қобилият бўлади. Ҳамма гап ўша қобилиятни ўз вақтида пайқаш, аниқлаш ва шакллантиришга шароит яратишда.
Мактабни битиргунча аниқ бўлмаган мақсад олий ўқув юртига ўқишга киргандан сўнг ҳам давом этаверади. Олий ўқув юртига ҳужжат топшираётган абитуриентларни ҳеч кузатганмисиз? Уларнинг аксарияти кириш баллари камроқ йўналишларни ахтариб юришади. Эътибор қилинг, айнан мақсадига олиб борадиган соҳани эмас, талабалик бахтига осон эришиш учун қулайроқ туюлганига ҳужжат топширишга ҳаракат қилади. Бу ноаниқлик ўқишни тамомлагач ҳам давом этаверади. Оқибатда тамомлаган йўналиши бўйича иш топиш муаммога айланади. Ёки тамоман бошқа соҳада ишлашга мажбур бўлади.
Таълим сифатига таъсир этувчи иллат
Таълим жараёнида ҳали ҳам сақланиб қолаётган иллатлар бу таниш-билишчилик, уруғ-аймоқчилик, ошна-оғайнигарчилик. Аслида миллий менталитетимизда қариндош-уруғдан хабар олиш, уларга ғамхўрлик қилиш, ака-ука, опа-сингил, оғайни-ошноларга ёрдам бериш қадрият даражасига кўтарилган. Аммо, бу қадрият аста-секин таълим жараёнига ҳам сингиб, унга салбий таъсир этаётган иллат даражасига айланган.
Аброр Ғуломовнинг «Истанбул дафтари» китобидаги ҳикоясида Туркиянинг Истанбул университетининг тиббиёт факультети талабасини Тошкентга кўчириш воқеасини ёдга олайлик. Унда:
“...Талабада бор-йўғи иккитагина «уч» баҳо чиқиш хавфи бор экан. «Биттасини ўзим топшириб баҳо оламан, иккинчиси қийин масала», деди у.
Шунча йил Истанбулда ўзимни Тошкентда юргандек ҳис этганман, ўзимни заррача бегона ҳисобламаганман. «Сенга қийин бўлганини тўғирлаймиз», дедим қатъий ишонч билан қизимга.
Даставвал, шу университетда узоқ йиллар ишлаган профессор дўстимиз Солиҳ Айнуралга мурожаат қилдим, ётиғи билан аҳволни тушунтирдим.
– Эй, нима деяпсиз, – сапчиб тушди биродаримиз, – бу ерда сиз ўйлаган таниш-билишчилик кетмайди. Талаба ўзи ўқиб, ўзи баҳо олади. Шунинг учун 4-5 йиллик олий ўқув юрти дастурини айримлар 10 йил давомида битириши мумкин, бу қонунан белгилаб қўйилган. Бекорга овора бўлманг, – гапнинг дангалини айтди-қўйди домла.
Гапнинг очиғи ранжидим, қоғозга ўраб, бироз юмшоқроқ-мулойимроқ тарзда тушунтириши мумкин эдику! Кап-катта одам лоп этиб илтимосимни чиппакка чиқарди-қутилди! Бироқ...
Бошқа орқадошларга оғиз очдим. Рад жавоблари қаторлашгани сайин Солиҳ Айнуралдан ранжиганим ўзимга наша қила бошлади. Совға-салом, ҳадя-мадяни ҳатто хаёлга келтириш зое эмиш! Ё, алҳазар, деб юбордим! Ўйлаганим амалга ошмагани бир томон, лекин барча мен мурожаат қилган ёр-биродарларнинг гаплари бир жойдан чиқиб, ҳар қандай талабага талаб битта – унинг билими эканлигини ўз кўзим билан кўрганим, гувоҳи бўлганим мен учун бамисоли эврика эди!
Солиҳ домла билан навбатдаги сафар кўришганимизда, чиқмаган жондан умид қабилада яна муаммодан сўз очдим. Талаба чет эллик бўлгани сабабли имтиёз берилиш эҳтимоли бор эмасмикан, дедим. Бу сафар домла, менинг кўнглим учун шекилли, университет проректори билан маслаҳатлашди. Натижа нима бўлди денг?
– Бундай ишларга, – узил-кесил жавоб қилди Солиҳ Айнурал домла, – Туркия президенти ҳам аралашолмас экан, мабодо аралашган тақдирда ҳам унинг гапи ерда қолиб кетиши муқаррар экан!
Мана, яна бир кашфиёт!..........» Бугунда таниш-билиш орқали баҳо қўйиш, дарсларга қатнашмай фанларни топшириш, турли юқори ташкилотлардан турлича телефонлар, илтимослар сақланиб келаётгани инкор этилмайдиган ҳақиқат.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Айрим ота-оналарга фарзандларини яхши билим эгаллаши эмас, уларнинг дипломга эга бўлиши муҳимроқдек.
Афсуски, «Фарзандим диплом олса бўлди, у ёғи бир гап бўлар» қабилида иш тутадиган, фарзандининг қобилияти, билими ва салоҳияти етарлими ёки йўқ, бунга иккинчи даражали масала сифатида қарайдиган ота-оналар ҳам йўқ эмас. Ваҳоланки, ота-она бозордан фарзанди учун «пуч ёнғоқ» сотиб олмайдику.
Бу эса ўз навбатида таъмагирлик, юлғичлик ва коррупциянинг кўпайишига замин яратмоқда.
Бугун барча соҳаларга инновацион ёндашув жараёни кучайган бир вақтда таълимда янгича-креатив муносабат бўлиши шарт. Агар талаба аниқ мақсад сари интилиб, ўз хоҳиш-истаги билан ўзи танлаган соҳада таҳсил олса, иш уни ўзи излаб топади. Энг муҳими талаба-ёшларда ўзига бўлган қатъий ишончни шакллантира олишимиз керак. Яна бир масала. Шунчаки олий маълумот ёхуд диплом учун ўқиш шарт эмас, балки, ҳақиқий билим олиб, соҳани чуқур эгаллаш учунгина ўқиш керак. Талабаликка эришиш бахт. Аммо унинг вақти ўлчаб берилган, ундан унумли фойдаланиш кўникмасини шакллантириш мақсадга мувофиқдир. Аслида олий таълим-мақсадларга етиш йўлидаги муҳим бир бекат. Ушбу бекатда олинган билимларни янада чуқурлаштириш, тилларни ўрганиш, компьютер технологияларидан унумли фойдаланишни янада юксалтириш талаб этилади. Афсуски, ҳамма талабалар вақт ва имкониятлар қадрига етавермайди.
Дарҳақиқат, тарихда ўчмас из қолдирган буюк аждодларимизнинг илм олиш йўлида чеккан машаққатларини бир ёдга олайлик. Абу Али Ибн Синонинг устози Кушёрнинг ҳузурига бир киши юлдуз илмини ўқиш мақсадида келибди. Икки уч ой ўтса ҳамки устози дарс бермаганидан сўнг айтибди:
– Ҳазрат, энди менга жавоб берсангиз. Уч ой бўлди ҳамки дарс бермадингиз. Вақтингиз йўқ шекилли…
– Мен сенга бажонидил дарс берардиму, лекин сен ҳузуримга келган пайтингдан «бу илмда менинг унча-мунча хабарим бор» - деган кибр-ҳавоинг ҳали ҳам кетмади. Мен бир идишга қачонки у бўш бўлсагина сув қуяман. Афсус, сенинг калланг ҳаво билан тўлиб қолган экан.
Илм олиш учун қанчадан-қанча масофаларни босиб ўтишган, риёзат чекишган, ойлаб, йиллаб ўз ҳаловатидан кечиб ўзга юртларда юришган. Уларни бунга мажбур қилган омил олий мақсадлари эмасми?
Ренессанснинг икки омили
Дунё мамлакатлари таҳликали пандимияни бошидан кечириб, иқтисодий қийинчиликка учраётган бир паллада мамлакатимизда таълим, жумладан олий таълимга алоҳида эътибор берилаётгани эътирофга лойиқ. Охирги уч йилда 47 та янги олий таълим муассасаси, хориж университетларининг филиаллари ташкил этилди. Ўзбекистон бўйича олий ўқув юртларининг сони 125 тага етди. Профессор-ўқитувчиларнинг хориждаги олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот масканларида малака ошириши ва стажировка ўташини таъминлайдиган механизм яратилди. Уларнинг ойлик иш ҳақи миқдори охирги уч йилда 2,5 баробар оширилди. Арзон уйлар ва машина сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар берилмоқда.
Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантиришнинг Концепцияси қабул қилинди. Рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни ташкил этиш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, фан, таълим, ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантириш тизимни ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини ташкил этди. Таълим муассасалари ўқув жараёнининг сифатини ошириш, рақамли технология ва таълим платформаларини жорий қилиш, талаба-ёшларни илмий фаолиятга жалб этиш, уларнинг натижасини халқаро ҳамжамиятга кўрсатишга эришишни таъминлашда алоҳида эътибор қаратмоқда.
Хусусан, ўтган уч йилда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ўқув жараёнини мақсадли ва самарали ташкил этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Иқтисодиёт тармоқларини талаблари асосида 8 та янги таълим йўналишлари ташкил этилди. Беларус давлат жисмоний тарбия университети билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида бакалавр таълим йўналиши ва магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. 10 дан ортиқ халқаро университетлар билан узоқ муддатли ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, 30 нафарга яқин хорижий мутахассис ҳамда 20 нафардан ортиқ соҳанинг малакали мутахассислари таълим жараёнига жалб этилди.
Илмий-педагогик кадрларга бўлган эҳтиёжни таҳлил қилган ҳолда таянч докторантура ва мустақил изланувчиликка жами 260 нафар тадқиқотчи қабул қилинди. 2017 йилда университет қошидаги Илмий кенгашда 1 нафар тадқиқотчи фалсафа доктори (PhD) диссертацияларини ҳимоя қилган бўлса, 2018 йилда 10 нафар, 2019 йилда 17 нафар тадқиқотчи фалсафа доктори (PhD) ва 2 нафар Фан доктори (DSc)диссертацияларини ҳамда 2020 йилда 21 нафар тадқиқотчи педагогика фанлари бўйича фалсафа докторлик (PhD) диссертациясини ҳимоя қилиб, университетнинг илмий салоҳияти 17 фоиздан 23,5 фоизгача оширилди.
Ўқитувчилар, тадқиқотчилар, докторантлар, талабгорларнинг тадқиқот фаолияти натижаларини нуфузли халқаро маълумотлар базаларида нашр этиш ((WEB of Science, SCOPUS va бошқалар) 164 та илмий ишдан иборат бўлиб (2019 йилда - 47 та), Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси томонидан тавсия этилган республика илмий ва амалий журналларида 2019 йилда 80 та, 2020 йилда 207 та мақола нашр этилган. Халқаро тадқиқот базалари кўрсаткичларига кўра, университет профессор-ўқитувчиларининг илмий ишларига иқтибослар 2019 йилда атиги 43 тани ташкил этган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 1497 мартани ташкил этди.
Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда таълимдаги кенг кўламли ислоҳотлар орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш мақсадини белгилаб берди. Янги давр маданият, илм-фан, санъат, таълим-тарбия ва умуман жамият ҳаётини қайта жонлантириш, тез ривожланиши ҳамда янги сифат босқичига олиб чиқишни кўзлайди.
Янги Уйғониш даври икки муҳим омилга асосланади: бири-илм-маърифат, иккинчиси-соғлом турмуш тарзи. Олий таълимда талаба-ёшларга сифатли билим бериш, хориж амалиётининг ижобий жиҳатларини ўзлаштириш орқали уларда кўникма ва малакани шакллантириш, ўз имконияти ва қобилиятини намоён этишга шароит яратиш муҳим аҳамият касб этади. Соғлом турмуш тарзи асосларини ҳаётий дастур қилган жамиятда соғлом фарзандлар дунёга келади ва тарбияланади. Соғлом, баркамол ёшлар замонавий билимларини эгаллайди ва янгича фикрлай бошлайди. Таълимда таниш-билиш, ошна-оғайнигарчилик каби иллатлардан холи авлодгина пухта эгаллаган билими орқали турли ахборот хуружи ва таҳдидларга қарши кучли иммунитетга эга бўлади. Энг муҳими илмли, миллий қадриятларга содиқ шахс янги давр қўяётган ахлоқий, эътиқодий, касбий-профессионал, сиёсий-ҳуқуқий талабларга тўлиқ жавоб бера олади.
Зеро, таълимда ва илмда таниш – билишчилик, ака-укачилик, уруғ-аймоқчилик миллат танасига тушган қуртдир.
Маҳмуджон БОЛТАБОЕВ,
Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори,
иқтисод фанлари доктори, профессор
Фикрингизни қолдиринг