Ҳарбийларимиз жасорат кўрсатмоқда

20.12.2021 15:12:25

«Адолат» СДП ташаббуси билан жойларда бўлиб ўтаётган «Бор меҳримиз сенга, болажон!» беғараз донорлик хайрия акцияси куни кеча Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Махсус вазифалар бўйича Республика қутқарув марказида бўлиб ўтди.

Партия Марказий аппарати ходимлари, Республика қутқарув маркази хизматчи-ходимлари ҳамда Республика ихтисослаштирилган гематология ва қон қуйиш илмий-амалий тиббиёт маркази ходимларини умумий савобли мақсад йўлида бирлаштирган мазкур хайрия акцияси кўтаринки руҳдаги катта бир тадбирга айланиб кетганлиги билан бир қаторда партиянинг хайрли ташаббуси кенг оммалашаётганлигининг бир мисоли десак, адашмаган бўламиз.

Аҳамиятлиси шундаки, партия томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур донорлик акциясида ФВВ тизимида фаолият олиб бораётган хизматчи-ходимлар ҳамиша фаол қатнашиб келишади. Бу сафар ҳам уларнинг биринчилар қаторида акциямизда қатнашиш истагини билдириб жасорат кўрсатишлари таҳсинга сазовордир.

- Муҳтожлар учун қон топшириш нафақат савобли иш балки, ўзимизнинг саломатлигимиз учун ҳам фойдалидир. Бизга бундай имкониятни яратиб бераётганлиги учун "Адолат" социал-демократик партиясидан мамнунмиз, дейди - акцияда иштирок этган қутқарув маркази хизматчиси.

Замонавий тиббий-техникалар билан махсус жиҳозланган кўчма донорлик автобусида қутқарув марказига ташриф буюрган тиббиёт марказининг тажрибали ходимлари қутқарувчиларимизнинг хизмат фаолиятига халал бермасдан қисқа фурсатда муҳтожлар учун топширилган ҳаёт томчиларини махсус идишларга жойладилар. Хайрия тадбири якунида партия томонидан фаоллик кўрсатганларга ва ҳамкорларга миннатдорчилик билдирилиб эсдалик совғалари топширилди.

Эслатиб ўтамиз, партиянинг мазкур беғараз донорлик акцияси айни кунларда Республикамиз ҳудудлари бўйлаб қизғин давом этмоқда. Ўзингиз ва бошқалар саломатлиги учун фойдали бўлган хайрли ишдан четда қолманг!

Қўшимча маълумотларни www.adolat.uz расмий сайтимиздан ёки +99899 142 07 61 телефон рақамларидан олишингиз мумкин.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+