Харид қилиш тартиб-таомиллари такомиллаштирилади

20.06.2024 18:06:06

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракциясининг йиғилишида «Давлат харидлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига давлат харидлари тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ушбу қонун лойиҳаси илғор хорижий давлатларнинг тажрибаларига мувофиқ, шунингдек давлат харидларини амалга оширишда кенг рақобатни таъминлаш, тадбиркорлик субъектларининг давлат харидларидаги иштироки кўламини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳасида ҳар бир харид қилинадиган ва етказиб бериладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг техник регламент талабларига мувофиқ аккредитатланган синов лабораторияларнинг баённомалари талаб қилишни таъминлаш, давлат харидларида барқарорлик принципларини жорий этиш орқали давлат буюртмачиларига қўшимча имкониятлар яратиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, давлат буюртмачиси, заруратга кўра, энг яхши таклифларни танлаш ёки тендер натижалари бўйича ҳадли келишув тузиш, янги харид тури ҳисобланган кичик қийматдаги харид учун соддалаштирилган тартибини жорий этиш белгилаб қўйилмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат харидлари жараёнларини рақамлаштириш натижасида соҳада шаффофлик ва рақобат муҳитини кенгайтириш, илғор хорижий давлатларнинг тажрибаси асосида давлат харидлари соҳасидаги харид қилиш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Мунозаралар давомида фракция аъзолари Қодир Жўраев, Ойдин Абдуллаева ва Гулруҳ Агзамовалар қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳаларини билдирди. Лойиҳадаги айрим нормалар бўйича муҳим таклифларни илгари сурди ва қатор саволларни ўртага ташлади.

Хусусан, депутат О.Абдуллаева давлат харидларини амалга оширишда етказиб берувчиларга қандай талаблар қўйилгани билан қизиқди.

Фракция аъзоси Қ.Жўраев эса тендерсиз тўғридан тўғри ўтказиладиган қандай давлат харидлари эълон қилинмаслиги ва бу қайси қонун ҳужжатларида белгиланганини сўради.

Қонун ташаббускорлари кўтарилган ҳар иккала савол бўйича батафсил тушунтиришлар бериб, депутатлар томонидан илгари сурилган асосли таклифлар ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида кўриб чиқилган ҳолда, лойиҳа матнида акс эттирилишини маълум қилди.

Қуйи палата депутати Абдуғани Умиров ушбу қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида ўз нуқтаи назарини билдирар экан, лойиҳанинг қабул қилиниши давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш, ушбу соҳада юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш, давлат харидлари жараёнларига тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилишга хизмат қилишини қайд этди.

Қизғин муҳокамалар ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда фракция ваколатига кирувчи бошқа қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди ва кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+