Ҳаёт ҳақиқатини қаламга олган ижодкор

23.12.2020 22:12:08

Бугун шоир, журналист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Акциядорлик тижорат “Қишлоқ қурилиш банк” Бошқаруви раисининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Шуҳрат Ориф муаллифлигидаги янги китобнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

“Мен асли одаммас, ёр эдим” дея номланади ушбу мўъжаз асар. Шеърлар ҳассослик, беғуборлик, ажиб туйғулар тараннуми ва теша тегмаган ўхшатишлар билан ўқувчини ўзига торта олади.

Мавлоно Жалолиддин Румий "Айни тилда сўзлашувчилар эмас, айни туйғуларни баҳам кўрувчилар бир-бирларини тушунадилар" деган эканлар. Мазкур китобни ўқиган ҳар ким ўз дардини, фикрларига мос қарашларни топа олади. Демакки, муаллиф ўз мақсадига етибди: ижодкорнинг асл вазифаси шу – ўзи эмас, халқнинг ўй-кечинмаларини қаламга олиш. Бу янги ижод маҳсулидан бу жиҳатни топишингиз шубҳасиз.

Китоб фақат шеърлардан иборат эмас. Ундан қатралар ҳам ўрин олган. Ноёб сўзлар, ҳаёт ҳақиқати ҳақидаги ҳикматларни ўзида мужассам этган сатрлар гоҳ юзингизга табассум югуришига сабабчи бўлса, гоҳ ўйга чўмдириб қўяди. Китобни варақлар экансиз, қаламкаш Шуҳрат Ориф ижодида назм ва наср уйғунлигини яққол кўрасиз.

Ёш ижодкорлар Кенгашида ўтказилган тақдимот маросимида таниқли шоирлар ва ёзувчилар муаллиф ҳақида илиқ фикрлар билдирдилар. Жумладан, Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Нодир Жонузоқ, шоир Бобур Бобомурод, олима Барногул Санақуловалар томонидан асардаги бадиий етуклик эътироф этилди. Нафақат соҳа мутахассислари, балки тақдимот маросимида қатнашган турли касб вакиллари ҳам катта тассуротларга эга бўлдилар.

Дурдона АЛИМОВА,

“Адолат” СДП Матбуот хизмати ходими

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+