Ҳаёт улашувчи чинакам қаҳрамонлар

06.12.2021 12:12:23

«Адолат» социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси қон қуйиш станциясида «Бор меҳримиз сенга, болажон» шиори остида республика бўйлаб беғараз донорлик акцияси ташкил этилди.

Ушбу беғараз донорлик акциясидан кўзланган асосий мақсад тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган фуқароларни, айниқса болажонларни қўллаб-қувватлаш, инсонларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини кенг тарғиб қилишга қаратилган.

Шундай хайрли ва савобли ишга бел боғлаган «Адолат» социал-демократик партияси 2018 йилдан буён “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида ҳар йили икки марта хайрия акцияларини ўтказишни анъанага айлантирган.

Ушбу беғараз донорлик акцияси доирасида юзлаб кишилар бир мақсад йўлида бирлашиб, қонга муҳтож бўлган бемор болажонларга ҳаёт бағишлаш ҳамда уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек ҳайрли ва савобли ишга бел боғлаган ҳолда, ихтиёрий равишда қон топширдилар.

Эрта тонгдан бошланган мазкур акцияда партиянинг барча ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси аъзолари, Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, партия фаоллари ҳамда кўнгиллилар иштирок этишди.

Айниқса акцияда Олий таълим муссасалари, Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ходимлари ҳамда бошқа кўплаб ташкилотлар фаол иштирок этишди.

Габбарова Жадира Нийеталиевна, Қорақалпоғистон Республикаси қон қуйиш станцияси, Донорлар бўлими мудираси:

-«Адолат» социал-демократик партияси ҳар йили анъанага биноан меҳр улашиш мақсадида  бемор болажонларимиз учун Республика бўйлаб беғараз донорлик акцияси ташкил этиб келмоқда. Бу ўтказилган беғараз донорлик акциясига ташриф буюрган ҳар бир фуқаро ихтиёрий равишда беминнат ўз қонини топшириб, эвазига ҳеч қандай рағбатлантириш талаб қилмайдиган, хайрли ишлари билан барчага ҳаёт улашувчи чинакам қаҳрамонлардир.

Ушбу акция кўнгиллиларни бирлаштириб, инсонпарварлик ва меҳр-оқибат намуналарини ўзида акс эттирган ҳолда, болажонлар учун чин маънодаги ғамхўрлик белгиси бўлди.

Эзгу ташаббуслари билан ёш авлоднинг саломатлигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган «Адолат» социал-демократик партиясига юксак зафарлар тилаб, бемор болажонлар ва ҳамкасблар номидан чуқур миннатдорчилик билдираман.

 

Бахадыр ЖУЗБАЕВ,

«Адолат» СДП Қорақалпоғистон

Республикаси Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+