Янгиликлар 2085
Ҳаётбахш куч
“Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилояти Кенгаши томонидан Чирчиқ шаҳридаги Тошкент вилояти қон қуйиш станциясида ташкил қилинган “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остидаги беғараз донорлик акцияси кўтаринки руҳда ўтди.
Партия фаоллари ва депутатларининг ўзбек халқига хос бўлган саховат ва эзгуликка йўғирилган ана шундай савобли ишлари қанчадан-қанча инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилмоқда, десак муболға бўлмайди.
-Қон топшириш инсоннинг инсонга ҳадя этган энг олий даражадаги совғасидир, дейди – Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутати Равшан Дастиров. – Ҳаёт ҳадя этиш савоб ишнинг энг юксак ифодаси ҳам саналади. Акцияда шаҳар ҳокими Санжар Юсупов, шаҳар прокурори Бахтиёр Иброҳимов, шаҳар Ички ишлар бўлими бошлиғи Дилшод Хожиматов, Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Махмуджон Болтабоев, Ёшлар агентлиги, ҳокимлик вакиллари, спортчилар, кўплаб инсонлар қон топширишди. Албатта, кимнингдир саломатлиги йўлида бу каби хайрли ишларни амалга ошириш халқимизнинг қанчалик бағрикенг ва олийжаноб эканлигини яна бир бор кўрсатиб берди.
Донорлар томонидан топширилган қон шифохонада оғир бетоб бўлиб ётган беморларнинг тезда соғайиб, соғлом ҳаётга қайтишлари учун бебаҳо даво ҳисобланади.
Тасаввур қилинг, шифохоналарда ҳар хил кутилмаган ҳолда жароҳат олиб, кўп қон йўқотиб бетоб бўлиб ётган беморлар сизнинг қонингизга муҳтож. Оз миқдорда қон топшириш эвазига донор бир беморни ҳаётга, ўз оиласи бағрига қайтишига, ҳаётнинг қувончли онларини кўришга катта ёрдам бериб, ҳаётини сақлаб қолади. Бу ёрдам билан донор нафақат бемор одамларни ҳаётга қайтаради, балки ҳар бир соғлом одам олдидаги инсонийлик, деб аталмиш олийжаноб ва шарафли бурчини адо этган ҳисобланади.
Беморлар дардига малҳам бўлаётган донорларимиз сони кўпаяверсин!
Бахтиёр ИБРОҲИМОВ,
Чирчиқ шаҳар прокурори
Фикрингизни қолдиринг