Янгиликлар 1071
Ҳаётбахш тамойил
Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашининг навбатдаги 44-сессияси бўлиб ўтди. Сессия кун тартибидан вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг ҳудудни 2021-йилги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва келгуси йил учун белгиланган устувор йўналишлар тўғрисида Бухоро вилояти аҳолисига мурожаат қилди.
Мурожаатда вилоят ҳокими томонидан жорий йилда вилоятда амалга оширилган лойиҳалар, жумладан, табиий ва суюлтирилган газ, электр энергияси ва иссиқлик таъминотини яхшилаш борасида амалга оширилган лойиҳалар, жалб қилинган инвестициялар, тўғридан-тўғри ҳорижий инвестициялар ҳажми, яратилган иш ўринлари, фойдаланишга топширилган лойиҳаларни ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларининг, жумладан, бюджет даромадларининг ошишига қўшган ҳиссаси ва натижадорлиги ҳақида маълумот берилди.
Вилоятимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқаришга хизмат қилиши таъкидланди. Ушбу стратегия юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари энг олий қадрият этиб белгилангани билан аҳамиятлидир. Ўзбекистоннинг янги тараққиёт стратегиясида бош мезон этиб белгиланган «Инсон қадри учун» деган тамойил ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароит ҳамда замонавий инфратузилма яратишни назарда тутади. Жумладан, ўтган давр мобайнида ушбу тамойил асосида вилоятимизда барча соҳада туб ўзгаришлар қилингани ёрқин мисоллар билан келтириб ўтилди. Шунингдек, жорий йилда Таълим, Соғлиқни сақлаш, ижтимоий соҳа ҳамда ёшлар масаласига оид йўналишларда қатор ишлар амалга оширилгани айтилди.
Қайд этиш лозимки, мурожаатномада илм-фанга, таълим-тарбияга катта эътибор бериш, соҳани сифатли даражада ривожлантириш учун инновацион ёндашув зарурлиги таъкидланди. Дарҳақиқат, илм ва маърифатга эришмасдан туриб, фан, таълим, тиббиёт каби соҳаларни ривожлантирмасдан туриб, иқтисодий ўсиш ҳамда фаровон турмушга эришиб бўлмайди. Бугун тараққиётнинг ҳар жабҳасида, мамлакат эртанги кунини белгилашда жамиятдаги ёшларнинг билим ва салоҳияти ҳал қилувчи муҳим аҳамият касб этмоқда. 2021 йил Ўзбекистонда “Ёшларни қўллаб қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиниши ҳам ислоҳотлар долзарблиги ва ҳаётбахшлигини яна бир бор исботлайди.
Мурожаатномада инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар келгуси 2022 йилда ҳам изчил давом эттирилиши таъкидланди. Бунда, энг аввало, фуқароларимиз манфаатларини ҳар жиҳатдан устун кўйиш принципи яна бир бор таъкидлаб ўтилди. Вилоят ҳокими томонидан аҳолига йўллаган мурожаатномада илгари сурилган долзарб масалаларга биз сиёсий партия вакиллари ҳам алоҳида эътибор қаратиб, ўз олдимизга мақсад вазифаларимизни белгилаб оламиз.
Бир сўз билан айтганда, вилоят ҳокими аҳолига йўллаган мурожаатномасида вилоятимизни ҳар томонлама ривожлантириш, маънавий-маърифий юксалишнинг аниқ йўлларини белгилашда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсам, барча ислоҳотлар энг аввало инсон учун, унинг қадри ва муносиб, фаровон ҳаёти учун хизмат қилади. Зеро, инсон қадри улуғланган юртнинг келажаги ҳам улуғ бўлади.
Мақсуд ҲАМИДОВ,
“Адолат” СДП Бухоро вилояти Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг