Ҳаётий фаолият хавфсизлигини таъминлаш - долзарб масала!

31.03.2021 19:03:54

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 29 октябрдаги «Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида»ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 08 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги  ПФ-5847-сонли, 2019 йил 29 октябрдаги «Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-6097-сонли ҳамда 2021 йил 3 февралдаги «2017 — 2021 йилларда ўзбекистон республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги ПФ-6155-сонли фармонларини ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2021 йил 7 февралдаги 78-Ф-сонли Фармойишига асосан «2021 йилда республика миқёсида ўтказиладиган илмий ва илмий-техник тадбирлар режаси»нинг ижросини таъминлаш мақсадида, ФВВ Академияси ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамкорлигида жорий  йилнинг
30 март куни Академиянинг «Маънавият ва маърифат» марказида «Ҳаётий фаолият хавфсизлигини таъминлашда инновацион ёндашув, илмий ишланмалар ва замонавий технологиялар» мавзусида III республика ёш олимлар илмий-амалий анжумани ўтказилди.

Анжуманда ҳаётий фаолият хавфсизлиги йўналишида республикамиздаги мутасадди вазирликлар, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар Академияси, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Республика ёш олимлар кенгаши фаоллари, Х.Сулаймонова номидаги суд эспертиза маркази, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитаси Божхона институти, ИИВ академияси, Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти, Мудофаа вазирлиги Чирчиқ олий танк командир-муҳандислик институти, ФВВ академияси Фуқаро муҳофазаси институти, республикамизнинг бир қатор олий таълим муассасалари, Академиянинг профессор-ўқитувчилари ва курсантлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Анжумандан кўзланган мақсад – ҳаётий фаолият хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш, амалий ҳамкорликда инновацион ғоялар ва илмий ишланмаларни ривожлантириш самарадорлигини оширишга қаратилган таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш, олий таълими муассасаларида иқтидорли ва қобилиятли ёшларни илмий тадқиқот ишларига йўналтириш, ёшлар ўртасида ўзаро илмий-ижодий ҳамкорлик муҳитини ривожлантириш, ўзаро фикр-мулоҳаза ва тажриба алмашишлари учун шароит яратиб бериш, ёшларни фан-техника тараққиёти йўлида бирлаштириш ҳамда ёш олимларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришдан иборатдир.

Тадбирни Академия бошлиғи, генерал-полковник Бердиев Қобил Раимович очиб, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва қабул қилинган 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси изчил амалга оширилаётганлигини, олий таълим муассасаларида инновацион ва технологик ғояларни ҳар томонлама ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ёш олимларнинг инновацион технологияларни яратиш борасидаги ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш юзасидан зарур чоралар кўрилаётганлигини, мамлакатимизда ҳаётий фаолият хавфсизлигини таъминлаш масаласи комплекс характерга эга бўлиб, уни юқори даражада мустаҳкамлаш, тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш билан бир қаторда, жамиятимизнинг ҳар бир аъзосидан инновацион ёндашувни, илмий ишланмалар ва замонавий технологиялар яратишни тақозо этаётганлигини, давлатимиз раҳбарининг «Халқимиз дунёқарашида инновация муҳитини яратиш энг муҳим вазифамиздир. Инновация бўлмас экан, ҳеч бир соҳада рақобат, ривожланиш бўлмайди. Бу соҳадаги ўзгаришларни халқимизга кенг тарғиб қилмасак, одамларда кўникма пайдо қилмасак, бугунги давр шиддати, фан-техниканинг мислсиз ютуқлари билан ҳамқадам бўлолмаймиз» деган ғоят муҳим иборалари эътироф этилди.

Шунингдек, тадбирда сўзга чиққанлар томонидан юқори технологияларга эга бўлган ривожланган хорижий давлатларнинг тажрибасидан келиб чиқиб, инновациялар ва инновацион фаолият такомиллаштириш, ҳамда илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, ҳаётий фаолият хавфсизлигини таъминлаш тизимига ихтиролар ва илмий ишланмалар, ютуқларни самарали татбиқ этиш мақсадида мавжуд илмий-техник салоҳият ва имкониятлардан фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни фаоллаштириш лозимлиги алоҳида қайд этилди.

Анжуман якунида ташкилотчилар томонидан анжуманнинг энг фаол иштирокчиларига «Энг яхши мақола», «Энг яхши илмий ишланма», «Энг яхши инновацион ғоя» каби номинациялар бўйича ғолиблар тегишли сертификатлар билан тақдирланди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да ўтказилаётган мана шундай анжуман доирасидаги фикр алмашишлар, янгиликлардан хабардор бўлиш, ёшларнинг илмий салоҳиятини янада ошириш, танланган ва маъруза қилинган мавзулар юзасидан илмий тадқиқотлар олиб бориш, олий таълим муасасалари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

— Бугунги анжуман давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга ошириш бўйича белгилаб берилган  давлат дастуридаги ёшлар сиёсатининг амалдаги ифодаси бўлди десак муболаға бўлмайди дейди — капитан Мавлонбек Досчанов — дарҳақиқат, мамлакатимизнинг бир қатор олий таълим муассасаларидан бой тажриба ва илмий салоҳиятга эга бўлган ҳар бир таълим муассасасининг иқтидорли курсантлари илмий ишланмалари билан иштирок этиши айниқса, Ёшлар Академияси аъзолари, ёш олимлар ва ихтирочилари томонидан яратилган илмий инновацион ишланмалар кўргазмаси ҳамда анжуман доирасида бадиий ва махсус адабиётлар ярмаркаси ташкил этилганлиги анжуман иштирокчиларида катта таассуротлар қолдирди.

— Бугунги анжуманда эътироф этилганидек, сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан инновация фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш механизмларини такомиллаштиришга, илмий ишланма ва илмий ҳажмдор технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш учун инновацион муҳитни яхшилашга, илмий-тадқиқот фаолиятининг самарадорлиги ва сифатини янада оширишга алоҳида этибор қаратилган дейди — ФВВ академияси курсанти Шахриддин Фахриддинов — ушбу танланган анжуманнинг мавзуси янги иннавацион ғоялар асосидаги долзарб бўлган мавзуларидан бири эканлигини, шу билан бир қаторда назарий илмий ишланмалар, замонавий қурилиш соҳасидаги ёш олимларнинг ихтиролари амалиётга кенг жорий этиш бўйича билдираётган фикр-мулоҳазаларини тинглаб, ўзим учун жуда катта аҳамиятга эга бўлган маълумотлар олдим.

— Бугунги анжумандан мутахассислигим учун кўплаб янгилик ва маълумотлар олдим. Жумладан, ҳаётий фаолият хавфсизлигини таъминлашда инновацион ёндашув, илмий ишланмалар ва замонавий технологияларни қайси йўналишда олиб бориш мумкинлиги ҳақида зарур тушунчаларга эга бўлдим ҳамда келгусида ушбу соҳага оид лойиҳалар устида ишлашга янада қизиқиш уйғонди дейди — ИИВ академияси курсанти Темур Хурсанов — шу билан бирга, фикримча бундай анжуманлар тез-тез ўтказиб турилса ҳамда уларда ўз ишланмаларимиз билан иштирок этсак, ўйлайманки янгидан-янги ихтиролар ва илмий ишланмалар бўйича фикрлар алмашишда, уларни намойиш этишда ҳамда олий ўқув юртлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб ҳисобланади.

— Анжуманнинг мавзусини долзарблиги ҳақида сўз юритганимизда бугунги кунда замон шиддат билан ривожланиб, аҳоли сони ўсиб бормоқда, шу билан бир қаторда ишлаб чиқариш соҳаси ҳам тараққий этмоқда. Шундай экан биз ёшлар янги инновацион ғояларимизни амалиётга кенг татбиқ этишда, фавқулодда вазиятларни олдиниш олишдаги илмий изланишларни янада ривожлантиришимиз лозим деб ўйлайман дейди — ФВВ академияси курсанти Олим Мавлонов — Мен бугунги анжуманда «Фавқулодда вазиятларни олдини олишда оптик-электрон қурилмаларидан фойдаланишнинг самарадорлиги» мавзусидаги инновацион ғоям билан «Энг яхши инновацион ғоя» номинацияси бўйича сертификатга эга бўлдим. Бу эса менга илмий-тадқиқот ишларини фаол олиб боришда, янгидан-янги ғоялар устида бош қотиришда маънавий куч бўлди, деб ўйлайман. Шу билан бирга, бундай тадбирлар тез-тез ўтказиб турилса ҳамда уларда биз ёшлар ўз маърузаларимиз, инновацион ғояларимиз билан кўпроқ иштирок этсак, кўплаб лойиҳаларимизни муҳокамадан ўтказиш орқали янада такомиллаштиришга замин бўлар эди.

 

Фарҳоджон ХОЖАЕВ,

ФВВ Академияси

 катта ўқитувчиси, капитан.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+