Янгиликлар 1824
Хитой ёшларидан тадбиркорликни ўрганяпмизми?
Пайариқ туманида бугун 30 ёшгача бўлган ёшларимиз, “Ёшлар дафтари” юритаётган мутахассисларнинг, шу соҳадан хабари бор кишиларнинг эътирофича, 61 минг нафардан ошиқроқ. Агар, маҳаллабай бўлсак, тахминан ҳар маҳаллада мингга яқин ёшлар тобора ўсиб, улғайиб, вояга етиб, мактабни битириб, келажаги ҳақида ўйлаб юрганини тушунишимиз мумкин.
Хўш, 18 дан 30 ёшгача бўлган ёшлар қанақа руҳиятда яшаётган бўлишлари мумкин?
Биринчидан, бу ёш ўта келажакка қараб талпиниш, орзулари, яхши, ҳар томонлама тўкис, моддий фаровон оила эгаси бўлиш фикрлари, ҳеч бўлмаганда бошқалардан кам бўлмаслик шарти билан яшаш, турли изтироблар ва оила поғонасининг дастлабки йилларига қадам қўйиш ёши. Ўта қизиққон, модалар, айни замонда телефон, ижтимоий тармоқ, турли миш-миш, интернет, мусиқалар, автомашиналар, янги кийим-кечаклар ҳаёли асносида кечаётган йиллар.
61 минг нафардан ортиқ ёшларимиз, шу ўринда тумандош ёшларимизнинг айтайлик, 25 фоизи олий таълимга киришга муваффақ бўлган бўлса, уларнинг иш топиб кетишларига қатъий кафолат 95 фоиз. 5 фоиз ёшлар ўзининг мутахассислигини тўғри танламаганлиги, характер жиҳатдан бўшлиги, ахборотлардан воқиф эмаслиги, ишни тўғри олиб кета олмаслиги, иш ўрни йўқлиги сабабли муқим вазифада юра олмаслиги мумкин.
75 фоиз ёшларимизнинг 45 фоизи ҳам тадбиркорлик, чорвачилик, ҳайдовчилик, паррандачилик, тикувчилик, сотувчилик, савдогарлик, деҳқончилик, туман ташкилотларидаги олий таълим дипломи талаб қилинмайдиган ишлар ва бошқаларда деб тасаввур қилайлик. (Аммо бу гаплар саноқ борасида тахминий). Яна 10 фоиз ёшларимиз чет элларда ишлаётган бўлса, қолган ёшлар-чи? Бу масала бироз оғриқли. Қишлоқларимизда тадбиркорликка уриниш, маҳсулот ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш, янги соҳалар, ҳунармандчиликларни ўрганиш суст.
Ўзимизнинг водийдаги, Наманган, Андижон ва Фарғонадаги ҳунармандчиликларни қаранг. Ҳозир нима кўп, интернет имкони кўп. Хитой, Япония, Корея ё Европадаги ёшларнинг фан, илм ё тадбиркорлик борасидаги ишларини ўрганишга ҳам эътибор кам. Эслаб кўрсак, ҳаётимиз, турмушимиз, оиламизда яшаш учун нима керак бўлса, дарров хитойликлар ясаб, бозорларимизни тўлдириб ташлаяпти. Нима учун бизнинг ёшлар шундай ўйлолмаяпти? Тасаввур қилинг, Хитой нималар ўйлаб топмади оддий турмуш тақозолари, оилавий ҳаёт учун. Яна бир неча йигитларни биламан, улар автомашиналар устаси, иссиқхона, қўйчилик, бўш ётган қўриқ ерлардан фойдаланиш, балиқчилик ва ҳоказолар бўйича уриниб юрибдилар. Аммо уларни қўллаб-қуватлаш, шу қилаётган иши қонунга тўғри ва тадбиркорликка мос ривожланиб кетиши учун нима қилиш кераклигини ўргатадиган мардлар топилмаяпти.
Президентимиз айтганидай, ёшларга балиқ эмас, қармоқ бериб, балиқ тутишни, ризқини ўзи мустақил кўпайтиришни ўргатишимиз керак. Бугунги селектр йиғилишида ҳам Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов маҳаллаларда “Темир дафтар”га тушган хонадон аъзоларига қизиқишларига қараб, тикув машинаси, мотокультиватор ва ҳоказолар олиб бериш ҳақида фикр билдирдилар. Шулар орқали улар кун кўришни, тирикчилик қилишни ўргансалар, бу ҳам жамиятимизга, шу оилалар аъзоларига, маҳалласига кони фойда. Шундай эмасми, азизлар?
Азамат ТАВБОЕВ,
Халқ депутатлари Пайариқ туман Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг