Хива деҳқон бозорида аҳвол қандай?

27.04.2021 12:04:04

Ўзбекистон “Адолат” СДП Хоразм вилояти Кенгаши ташаббуси билан,  вилоятда фаолият кўрсатаётган деҳқон бозорлари ҳолатини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

 Ҳусусан,  партиянинг Хоразм вилоят, Хива шаҳар  Кенгаши фаоллари, депутатларидан таркиб топган ишчи гуруҳ аъзолари  Хива шаҳар деҳқон бозор ўрганилди.

Ўрганишлар давомида  бозор фаолиятидаги қизиқ воқеа диққатимизни тортди.   

Аниқланишича, деҳқон бозор  тумандаги “Сангар” маҳалласидаги “Эл обод” кўчаси юзасида  500 метргача  бўлган масофада жойлашган бўлиб, 1000 нафардан зиёд сотувчи ва тадбиркор  эрталаб, соат 7:00дан кеч соат 16:00 гача савдо қилишади. Шундан сўнг қўлбола усулида ясалган расталарини йўл четига суриб,  транспорларни ҳаракати ва  шу кўчада жойлашган хонадон эгаларининг  уйларига бемалол кириб чиқишлари учун   йўлни бўшатиб беришади. Айниқса,  хонадонларда тўй-маросимлар бўлганида жуда катта қийинчиликларга дуч келишади.

Шунингдек,  кўча юзида жойлашган деҳқон бозорда полиз-маҳсулотлари билан биргаликда, озиқ-овқат,  буюм ва гўшт савдоси ҳам аралаш, бетартиб  ҳолатда олиб борилмоқда.

Ачинарлиси, кандолат, озиқ-овқат ва  гўшт маҳсулотлари очиқ-сочиқ  ҳолатда, хатто тупроқли  жойларда  сотилмоқда.

Ўрганиш  вақтида чангли тўзоннинг кўтарилиши муаммоларни янада очиб берди.

Карантин чораларининг кучайтирилганлигига қарамай,  сотувчиларнинг кўпчилигида  тиббий ниқоблар йўқлиги  гуруҳ аъзоларини таажжублантирди.

-    Икки йилдан буён, савдо қилишимиз учун кўпгина муаммолардан қийналаяпмиз, дейди сотувчи Шохида Ниязметова. – Баҳор, ёзда чанг – тўзон, ёғингарчиликдан қийналсак, қишда  совуқдан  азият чекамиз. Рамазон ойида ҳаридорларимизни чангда сотилаётган озиқ-овқатларни сотиб олишга мажбур бўлаётганидан ачинамиз,  замонавий бозорларда савдо қилишни орзу қиламиз.

Хива деҳқон бозори бошлиғи Зокир Рўзметовни  суҳбатга тортдик ва бир неча саволлар билан мурожаат этдик. Суҳбатдошимизнинг  500 растага мўлжалланган замонавий типдаги бозор қурилиши тўғрисидаги фикрлари билан қизиқдик ва қурилиш бошланадиган  майдонга  йўл олдик.

Суҳбат давомида бозор қурлишишини тезкор амалга ошириш, фуқароларимизни бу муаммолардан ҳалос этиш тўғрисидаги маслаҳат ва тавсиялар ўртоқлашилди. Ишчи гуруҳ томонидан бу  масалага яна қайтиш режалаштирилгани  билдирилди.  

Ўрганиш давомида  сотувчи ва тадбиркорларга, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг моҳияти, олдимизда турган улкан вазифалар, Ватан равнақи, иқтисодининг ривожланишида ҳар бир юрт фарзанди муносиб ҳисса қўшиши кераклиги ҳамда карантин қоидаларига тўла амал қилиб, халқимиз тинчлиги учун муносиб ҳисса қўшиш бурчимиз экани тўғрисида тушунчалар берилди.  

                                                                                                                        Замира АБДУЛЛАЕВА,

                                                                                                                    Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                                               Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+