Янгиликлар 1317
Хивалик мансабдорларнинг йўли наҳот кўприкка тушмаган бўлса?
Маълумки, ҳудудий партия ташкилотларимиз томонидан “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида аҳолидан келиб тушаётган муаммоли вазиятлар ўрганилиши анъанага айланиб улгурган. Ушбу лойиҳа асосида жойларда партия фаоллари ва маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамкорлигида халқимизни қийнаб келаётган масалалар юзасидан ўрганишлар олиб борилиб, тегишли идора ва ташкилотларга муаммони бартараф этиш юзасидан депутатлик сўровлари юборилади.
Куни-кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган Хива туман Саёт қишлоғидаги кўприкнинг носоз ҳолати ҳақидаги маълумотлар кенг жамоатчиликнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлди.
Аслида бу кўприк шу даражага етгунга қадар хивалик мансабдорларнинг кўзига тушмаган, дейсизми? Бироқ улардаги лоқайдлик, масъулиятсизлик хиваликларнинг обрўсига соя солиб турибди...
Энг қизиғи, муаммо ижтимоий тармоқларда тарқалганидан сўнг кўприк таъмирлана бошланди. Кўприкни таъмирлашга имконият бор экану нега пайсалга солинган? Саволларнинг кети узулмайди. Негаки бу ҳолатлар айрим мансабдорларнинг пинагини бузмайди. Чунки, улар яроқсиз, синиқ кўприклардан ўтишга ор қилишади.
Наҳотки, йўловчилар ҳаёти учун кўзга кўриниб турган хавфни кўрмасликка олишса? Буни қандай изоҳлаш мумкин?
Яқин орада партия вилоят кенгаши депутатларининг саъй-ҳаракатлари билан Ал-Хоразмий ҳайкали чекка маҳалла ҳудудида ташландиқ ҳолатда ётгани аниқланиб, бобомиз ҳайкалини муносиб бўлган жойга кўчиришга эришилган бўлса, бир неча кун олдин Хива “Деҳқон бозори”нинг фаолияти қониқарли эмаслигидан тадбиркор ва сотувчиларининг ҳуқуқлари поймол бўлаётганидаги муаммоларни ўрганиб хафсаламиз пир бўлиб қайтгандик.
Бугун эса кўприкдаги йўловчилар ҳаётига зомин бўлиши мумкин бўлган қора доғларни кўриб юракдан эзилдик.
Наҳотки, туристлар шаҳри бўлган, бутун дунё эътирофию эҳтиромига айланиб улгурган Азим Хивадаги мансабдорларнинг лоқайдлиги шу даражага етиб қолган бўлса? Қачонгача уларга ўз вазифа ва бурчини ижтимоий тармоқлар ёки ўрганишлар орқали эслатиб туриш керак?
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг