Янгиликлар 1684
Хонқада “Темир дафтар”га киритилган беморларга онкологлар томонидан бепул жарроҳлик амалиёти ўтказилди
Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда кам таъминланган, ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар ва аёлларни қўлллаб-қувватлаш, уларни йиллар бўйи қийнаб келаётган муаммоларидан халос этиш мақсадида “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари” ташкил этилиб, амалиётга йўналтирилгани ўз самарасини бермоқда.
Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” СДП ташаббуси билан ҳам мазкур масала юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилгани билан аҳамиятли бўлмоқда.
Бугун ҳам ҳар галгидек, партиянинг Хоразм вилоят Кенгаши, Республика ихтисослаштирилган Онкология илмий-амалий маркази Урганч филиали ҳамда Хонқа тумани тиббиёт бирлашмаси, ОАВ вакиллари ҳамкорлигида бир қатор хайрли тадбирлар амалга оширилди.
Партия фаоллари тадбирлар аввалида, тумандаги “Муқаддас” маҳалласида истиқомат қилаётган, кўкрак саратони билан касалланган, 1-гуруҳ ногирони Шоира Каримованинг хонадонига ташриф буюриб, ҳолидан хабар олишди, дилдан мулоқот қилишди ва бепул дори-дармонлар билан таъминлашди.
Шундан сўнг фаоллар туман тиббиёт бирлашмасининг “Жарроҳлик” бўлимига ташриф буюришди.
Хонқа туманидаги “Тома” маҳалласида яшовчи, “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган Феруза Тўрабоева соғлигидан шикоят қилиб, Республика ихтисослаштирилган онкология илмий-амалий маркази Урганч филиалига мурожаат этган эди. Беморда сут бези хавфли ўсмасига гумон қилиниб, онкология текширувидан ўтказилди.
Текширувлар натижасига кўра, Ф.Тўрабоевада ўнг томонлама сут бези фиброадиномаси ташхиси қўйилди.
Филиал директори Тохир Палванов беморни “Аёллар дафтари” рўйхатида турганини эътиборга олиб, тегишли шифокорлар билан фикрлашиб Ф.Тўрабоевага кейинги тезкор даво учун Хонқа туман тиббиёт бирлашмасига йўналтирилди ва беморни “Аёллар дафтари” рўйхатида қайд этилганини эътиборга олиб, бепул жарроҳлик амалиётини ўтказишга келишилди.
-Синглим Ферузани онкологик касаллигига чалинганини эшитиб, оиламиз билан азият чекдик, – дейди беморнинг опаси Умида Тўраева. – Онкология маркази Хоразм вилоят филиалига даво излаб боргандик, шифокорлар бизни жуда илиқ кутиб олишди. Ҳеч қандай муаммоларсиз, текширувлар қилишди ва бугун бепул жарроҳлик амалиётини ўтказишди. Амалиёт муваффақиятли ўтганидан синглим, барча яқинларимиз хурсанд бўлдик. Бундай имкониятларни яратиб берган Президентимизга, қолаверса, синглимни дардидан холос этишдаги бемминнат хизматлари учун Тохир Палванов, Алишер Алимов, Отахон Таджиддинов, Даврон Отажонов ва бошқа шифокорларга миннатдорлик билдираман. Инсонлари қадрланган юртда яшаётганимиздан шукроналар айтаман.
Шундан сўнг режадаги иккинчи бемор - тумандаги “Янги турмуш” маҳалласида истиқомат қилаётган, “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган, Муҳаббат Каримовада ҳам бачадон миомаси, чап тухумдон кистаси ташхиси билан бепул жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли якунланди.
-Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович ташаббуслари билан тиббиёт соҳасига қаратилган эътибор ва яратиб берилган имкониятлар, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни жадаллаштиришга хизмат қилмоқда, – дейди Т.Палванов. – Онкологик оғир ва мураккаб жарроҳлик амалиётлари фақат Республика ёки вилоят марказларида амалга оширилаётгани чекка қишлоқлардаги беморлар учун қийинчиликлар туғдираётган эди. Эндиликда бу каби жарроҳлик амалиётлари туманларда ҳам ўтказилмоқда. Бу эса фуқароларимизга бирмунча қулайликлар яратди.
Бир сўз билан айтганда, воҳамиз онкологларига бир кунлик ҳамроҳлигимиз давомида, энг машаққатли ва масъулиятли ҳамда шарафли касб эгалари, тиббиётнинг ҳақиқий қаҳрамонлари эканига яна бир бор амин бўлдик.
Жонкуяр, касамиёдига садоқатли бу каби шифокорларимиз бор экан, Янги Ўзбекистонимизни, соғлом халқимиз билан қуришимизга шубҳа йўқ.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг