Янгиликлар 1344
Хоразм воҳамизда инвестиция салоҳияти ошиб бормоқда
Мухтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 23 март куни Хоразм вилоятида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишиб, тегишли кўрсатмаларини бергани ҳудудимизнинг иқтисодиётини изчиллик билан ривожланишида муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Маълумки, Президентимиз 2020 йилнинг декабр ойидаги воҳамиздаги ташрифи давомида вилоят иқтисодиётини ривожлантириш масаласига чуқур эътибор қаратиб, инфратузилма иншоотларини қуриб, аҳоли бандлигини таминлаган ҳолда, турмуш шароитларини яхшилашга эришиш бўйича бир қатор кўрсатмалар берган эди.
Ушбу кўрсатмалар асосида воҳамизда тубдан ўзгаришлар юз берди. Жумладан, тиббиёт соҳасига эътибор қаратадиган бўлсак, биргина Онкология йўналиши бўйича Хоразм филиали онкологик касалликни аниқлайдиган замонавий тиббий ускуналар билан жихозланди ва Москва шаҳридан мутахассислар филиалимизда бўлиб, ўз тажрибаларини алмашдилар. Шунингдек, филиалда нур билан даволовчи ускунанинг йўқлиги боис беморлар қўшни вилоятларга бориб муолажа олишларига мажбур бўлаётган эдилар. Жорий йилда Швеция давлатида ишлаб чиқилган “Терабалът” нур ускунасининг филиалимизда фаолиятини бошлагани юртдошларимиз учун жуда катта қулайликлар яратди. Эндиликда, беморлар ҳам вақтини, ҳам маблағини тежайдилар. Сарсонгарчиликдан ҳоли бўлдилар.
Шунингдек, Президентимизнинг ташаббуслари билан вилоятимиздаги Хонқа туманида жойлашган “ХОСПИС” даво масканида 50 ўринга мўлжалланган янги бинонинг қуриб фойдаланишга топширилгани ҳам ҳудудимизда инвестиция салоҳиятини ошиб бораётганини кўрсатади. Бу каби янгиликларни ҳар бир соҳада кўришимиз ва кўплаб мисоллар билан қайд этишимиз мумкин.
Жумладан, жорий йилда 188 та лойиҳа ишга туширилиб, 1 минг 726 та иш ўрни яратилган, сув тежовчи технологияларни татбиқ этиш орқали 4 минг гектарга яқин ер фойдаланишга киритилган, Амударё устида янги темир йўл кўприги қурилиши бошланган ва хакозолар. Бу каби ташаббускорликларнинг ҳаётга татбиқ этилаётгани воҳамизни изчиллик билан янгиланиб бораётганида ўз ифодасини топмоқда.
Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг кўрсатмалари билан, воҳамиз иқтисодини янада ривожлантириш мақсадида 812 та инвестиция лойиҳаси шакллантирилгани ва бу борада амалий ишларнинг олиб борилаётгани ҳудудимизни иқтисодий ривожланиш даражасини юқори пағоналарга кўтариши шубҳасиздир.
Тохир ПАЛВАНОВ,
Республика ихтисослаштирилган онкология илмий-
амалий маркази Хоразм вилоят филиали директори,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг