Янгиликлар 374
Хоразмда бўлажак номзодларнинг сиёсий- ҳуқуқий билим ва кўникмалари мустаҳкамланмоқда
Жорий йилда бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловни юқори савияда ўтказиш ҳамда партиянинг муносиб ўринга эга бўлиши учун Урганч Давлат университетида “Адолат” социал-демократик партияси томонидан ОМҚП ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлигига кўрсатиладиган номзодлар учун семинар-тренинг ташкил этилди. Ўқув-семинарни партиянинг Хоразм вилоят Кенгаши раиси Тоҳир Палванов кириш сўзи билан очиб берди. Унда, сайлов жараёнларида партия томонидан амалга оширилаётган ишлар, семинар-тренингни мақсади ҳамда устувор вазифалари, номзодларга қўйилган талаблар ҳамда уларнинг сайловолди дастурларини ишлаб чиқиш каби бир қатор масалалар юзасидан қисқача маълумот берди.
Шундан сўнг семинар кун тартибидан ўрин олган “Партиянинг сайловолди дастурининг мазмун ва моҳияти, илгари сурилаётган илғор ғоялар”, “Номзоднинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари”, “Сайлов тўғрисида” ги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик” тўғрисидаги ОМҚП депутати Мақсуд Қурбонбоевнинг, “Партиянинг дастуридан ҳамда ҳудудий муаммолардан келиб чиқиб, номзоднинг сайловолди дастурини шакллантириш” тўғрисида партиянинг Хоразм вилоят Кенгаши раиси Тоҳир Палвановнинг, “Партия томонидан ишлаб чиқилган тарғибот воситаларининг аҳамияти”, “Сайловолди ташвиқотнинг турлари, шакллари ва усуллари” тўғрисида УрДУ Тарих кафедраси доценти Руслан Анязовнинг, “Номзоднинг сайловчилар ва журналистлар билан муносабатлардаги одоб-ахлоқ ва ижобий имижни шакллантириш” тўғрисида Хоразм вилоят телерадиокомпанияси катта муҳаррири, журналист Жаҳонгир Норметовнинг маърузалари тингланди. Таъкидланишича, “Адолат” СДПнинг XII-Қурултойида делегатлар томонидан партиянинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган “Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари!” деб номланган сайловолди дастури тасдиқланди. Мазкур сайловолди дастурни ишлаб чиқишда мамлакатимиз ва хорижий давлатларда фаолият олиб бораётган 50 нафардан ортиқ академиклар, олимлар, вазир ўринбосарлари, Омбудсман вакиллари, ОТМ ректорлари, профессор-ўқитувчилар, партия фаоллари, ёш тадқиқотчилар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Дастурни ишлаб чиқишда, шунингдек, ҳудудий партия Кенгашларидан келган таклиф ва тавсияларга устувор аҳамият қаратилди. Сайловолди дастурини шакллантириш учун бир йилдан кўпроқ иш олиб борилди. Унинг бир неча вариантлари тайёрланди ва бугун кўпчилик экспертларимиз маъқул топган охирги варианти кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилмоқда. Шунингдек, бугунги кунда сиёсий фаолият олиб бориш ва сайловларда муваффақият қозониш учун сайловчилар ва ОАВ билан муносабатларда одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш, очиқлик ва ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга экани, ижобий имиж яратиш нафақат номзоднинг шахсий қиёфасини, балки унинг ғояларини ва сиёсий платформасини сайловчиларга яқинлаштира олиши, ОАВ билан муносабатларни қандай йўлга қўйиш, самарали мулоқот ва ишончлиликни қандай таъминлаш, номзоднинг ютуққа эришиши учун қўшимча техникалар ҳақидаги тушунчалар иштирокчиларнинг диққат марказидан жой олди.
Гулрабо Қурязова, семинар иштирокчиси: Ўқув - семинар давомида сиёсий ва ҳуқуқий билим ва кўникмаларимизни бойитиб олдик. Ҳар бир сайлов округи ўзига хос демографик хусусиятларга эга эканини яхши биламиз. Шу боис, номзод сифатида ёш талабалар кўп яшайдиган ҳудудда пенсия ислоҳотлари ҳақида гапириш самарасиз экани, бунинг ўрнига, таълим сиёсати ёки иш билан таъминлаш масалаларига эътибор қаратиш кераклиги, аудиторияни тўғри аниқлаш учун социологик сўровлар ўтказиш, маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашиш ва ҳудуд статистикасини ўрганиш муҳимлигини чуқур англаб етдик.
Сайловда ғалабани қўлга киритиш учун сиёсий фаоллигимизни янада оширишга ҳаракат қиламиз. Савол ва жавоблар, фикр ва мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар қизғин тус олган семинар-тренинг сўнгида семинар давомида олинган билимлар савол ва жавоблар орқали синовдан ўтказилди ва семинар самарали якунланди.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
“Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши
матбуот котиби.
Фикрингизни қолдиринг