Янгиликлар 1469
Хоразмда депутатларимиз ташаббуси билан йўллар равон бўлмоқда
Аввал хабар берганимиздек, аҳолининг яшаш шароитини яхшилашда партиямиздан сайланган депутатларнинг ўрни муносибдир.
Бу борада боғотлик депутатларимиз ҳам фаолликни қўлдан бермай келаяпти.
Хусусан, Боғот туман Кенгаши депутати Қадамбой Хўжақов “Боғзор” маҳалласида яшовчи кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ҳамда ногиронлиги бор бир қатор фуқаролар хонадонларида бўлиб, қиш мавсумига тайёргарлик ишларига яқиндан ёрдам бермоқда. Депутат, туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда маҳаллада яшовчи боқувчисини йўқотган 8 та хонадонни 400 кгдан бепул кўмир билан таъминлади.
Нигора Тоғаева, 1-гуруҳ ногирони:
- Одам бошига оғир кун тушганида жуда ҳам меҳрга, эътиборга мухтож бўлиб қолар экан. Депутат - Қадамбой Хўжақов доим маҳалламизда хонадонма-хонадон юриб яшаш шароитимиз билан қизиқади, ҳаётга бўлган қизиқишимизни оширишга қаратилган шукроналик туйғуларини биз билан баҳам кўради. Қиш мавсуми эшик қоқаётгани муносабати билан ҳар доимгидай уйни иситиш масаласи безовта қила бошлаган эди. Депутатимиз кўмир билан таъминлаб, бу муаммомиздан ҳам ҳолос этди. Миннатдормиз.
Шунингдек, маҳалладаги Нишон кўчасининг 1км.гача бўлган масофаси яроқсиз ҳолатга келиб қолгани депутатни анчадан буён безовта қилиб келаётган, айниқса, тупроқли йўлдан 34-сон мактаб ва боғчага борадиган ёшларнинг қийналишаётганидан депутатнинг тинчи йўқолган эди.
Қувондиқ Жумақов, “Боғзор” маҳалласи фуқароси:
- “Тупроқ кўча” деб ном олган Нишон кўчасидан ўтиб-қайтишга ҳеч кўнглимиз чопмас эди. Ҳатто тупроқнинг ҳавога кўтарилиши натижасида дов-дарахтлар, гулзорлар ҳам зарарланаётган эди. Уйларимизга кириб ўрнашиб қолган чанг-тўзонни айтмаса ҳам бўлади. Депутатнинг саъй-ҳаракатлари билан кўчада таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Йўлнинг 1 км – тупроқли қисми махсус техникалар билан текисланди. Шағал ташаш режалаштирилди. Яқин кунларда йўлимиз равон бўлишига ишонамиз.
Депутатларимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган бу каби хайрли ишлари, фуқароларнинг фаровон ҳаётини таъминлаш орқали партиямизнинг нуфузини ошишига хизмат қилади.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
“Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг