Янгиликлар 1502
Хоразмда номзодимизни қўллаб-қувватловчи имзолар сони ортиб бормоқда
Маълумки, ҳозирги кунда сайловга старт ҳамда партиямизнинг сайловда иштирок этишига рухсат берилгани муносабати билан партиянинг Хоразм вилоят Кенгаши томонидан амалга оширилаётган ишлар янада жонланди.
Бўлиб ўтган Пленум йиғилиши, шаҳар ва туман ҳамда вилоят Кенгашларининг навбатдаги конференцияларига пухта тайёргарлик, партиямизнинг нуфузини кенг омма орасида ошириш мақсадидаги халқ билан мулоқотлар, фуқароларнинг айниқса, ёшлар ва аёлларнинг сиёсий ва ҳуқуқий билимини ошириш ҳамда кузатувчи ва ваколатли вакилларнинг йиллар бўйи сиёсий билим ва сайлов кунида зиммасига юклатиладиган устувор вазифаларга қаратилган онлайн ва оффлайн сиёсий ўқувларнинг мунтазам ташкил этилаётгани, албатта, ҳар бир партия ходимидан улкан масъулият талаб этади.
Айни дамда бошқа партиялар қатори Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган Баҳром Абдуҳалимовнинг номзодини қўллаб-қувватловчи имзоларни тўплаш қизғин паллага кирган.
Хусусан, Урганч шаҳар Тиббиёт бирлашмасида ташкил этилган бўлажак номзодни қўллаб-қувватловчи имзолар тўплашга қаратилган давра суҳбатида партия фаоллари, мазкур муассасанинг ишчи-ходимлари, БПТ аъзолари фаол иштирок этишди.
Тадбир аввалида, сиёсий жараёнларда партия томонидан олиб борилаётган ишлар, Сайлов кодексининг мазмун ва моҳияти, сайловда фаол иштирок этиш ҳамда номзодни қўллаб-қувватлашга доир имзо варақасини тўлдириш талаблари ва мақсади тўғрисида партия фаоллари томонидан атрофлича маълумотлар бериб ўтилди.
Ахмаджон Султанов, Урганч шаҳар ТТБ бўлим мудири, БПТ раиси:
-Номзодимиз партиядошларимиз ва бошқа ходимлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Ҳақиқатдан ҳам Б.Абдуҳалимов Ўзбекистон Республикаси Президентлигига муносиб номзод эканига ишонч билдирамиз ва номзодини қўллаб-қувватлаймиз. Сайловда партиямизнинг ғалабаси учун БПТмиз аъзолари билан ҳамжиҳатликда курашамиз.
Бир сўз билан айтганда, партиямизнинг сайловчилари олдидаги бурч ва масъулиятини адо этиши орқали халқимиз ишончига сазовор бўлаётгани мамлакатимиз тақдири учун бўлиб ўтадиган сайловда ғолибликни қўлга киритишимизда замин яратиши шубҳасиздир.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг